Линклар

logo-print

10 сентябрь куни Вена шаҳрида Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана ва Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний ўртасидаги сўзлашувлар давом этди.

  • Барно Анвар

Ҳар икки сиёсатчи ҳам Эроннинг ядровий тадқиқотлари борасида 9 январь куни ўтказилган музокаралар амалий бўлганини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, музокаранинг биринчи кунида Ҳавьер Солана Али Ларижонийдан Эронга ядровий тадқиқотларни тўхтатиши эвазига олти давлат томонидан тақдим этилган манфаатли иқтисодий ҳамкорлик таклифларига берилган жавобнинг 21-бандига ойдинлик киритишни сўраган.

ЕИ расмийси матбуот вакили Кристина Галлачнинг маълум қилишича, Али Ларижоний бу саволга ойдинлик киритувчи жавобни бермаган. Бироқ бу масалада ҳар қандай мунозарани эътибордан қочирмаслигини таъкидлаган.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажот эса яқинда Эрон ядровий дастур бўйича тадқиқотлар юритишга ўзини ҳақли, деб билиши ва атом қуроли ишлаб чиқиш нияти йўқлиги ҳақида яна бир бор баёнот берган эди.

“Улар шуни билиши керакки, Эрон халқи ўзига нисбатан агрессия вабосим ҳамда ўз ҳуқуқи бузилишига заррача ҳам йўл қўймайди”, - деган эди Эрон президенти.

АҚШ эса Эронга нисбатан БМТ санкциялари имкон қадар тезроқ қўлланишини талаб қилмоқда. АҚШ давлат котиби ўринбосари Николас Бернс ўтган ҳафта Германия, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия расмийлари иштирокида Берлинда ўтган учрашувда: “Эрон уранни бойитишни тўхтатиш нияти ҳақида гапиргани йўқ. Шунга асосланган ҳолда бизнинг аввалдан айтилган чорани қўллашдан бошқа йўлимиз йўқ. Яъни БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан санкция қўллаши керак. Шу орқали биз Эроннинг ўз қарорини ўзгартиришига эришишимиз мумкин”, - деди.

Хабарларга кўра, 11 сентябрь куни яна давом этиши кўзланган музокаралар чоғида БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган санкция лойиҳаси муҳокама этилади. Бироқ Россия ва Хитой томони ҳозирча санкцияга қарши чиқмоқда. Хусусан, шанба куни Хитой Эронга нисбатан босим кучайтирилишига қарши эканини билдирди.

Айни вақтда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётгани ҳақидаги хавотирни таъкидлашда давом этяпти.

Бироқ энергетика таъминоти бузилиши хавфидан ҳайиқаётган Европа давлатлари дунёда нефть экспорт қилиш бўйича тўртинчи ўринда турадиган Эрон билан ҳалиям бўлса тил топишга уринмоқда.

ЕИ билан Эрон расмийси ўртасида Венада ўтган музокара ана шу хавотир натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Ҳ.Солана 10 сентябрь кунги музокарани ҳам “самарали”, деб баҳолади.

Бироқ бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум қилингани йўқ.

Яна маълум бўлгани шуки, Эрон уранни бойитишни тўхтатмаслик тўғрисидаги қарорини ўзгартирмаган ва ҳар икки расмий бу масалада келгуси ҳафтада яна учрашишни кўзлаб турибди.
XS
SM
MD
LG