Линклар

Атом энергияси халқаро агентлиги Европа Иттифоқи ва Эрон ўртасида Теҳроннинг уранни бойитиш дастурига оид бўҳрон бўйича музокаралар давом этаётганини олқишлади.


ЕИнинг ташқи сиёсат комиссари Ҳавьер Солана ва Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний икки кунлик мулоқотларида ижобий силжишларга эришганларини маълум қилди.
Али Ларижоний Эрон телевидениесида қилган чиқишида Ҳ.Солана билан ўтказилган музокаралар натижасидан мамнун эканини таъкидлади.
“Музокараларда баъзи келишмовчиликлар бартараф этилди ва муайян тамойиллар бўйича келишиб олинди. Бу тамойиллар ўта конструктив бўлиб, биз ҳамфикр бўлган нуқталар кўпаяётганидан далолат беради. Бўҳронни ҳал этишда эса бу жуда муҳим аҳамият касб этади”, - деди Али Ларижоний.
Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей ташкилотнинг Венада бошланган мажлисидан олдин Европа ва Эрон ўртасида бўҳронни ҳал этиш борасида мулоқот давом этаётганини олқишлаб, музокаралар узоқ муддатли ечимга эришишнинг энг яхши йўли эканини айтди.
АҚШ эса БМТ Хавфсизлик кенгашидан Эронга нисбатан санкцияларни жорий этиш борасида муҳокамаларни бошлашни талаб қилмоқда.
Шу билан бирга, Осиё ва Европанинг 38 мамлакати Эронни ўз ядровий дастурини тўхтатиш эвазига унга таклиф этилаётган халқаро имтиёзларни қабул қилишга чақирди.
Финляндия пойтахти Хелсинкида ўтган икки кунлик анжуман якунида қабул қилинган қўшма баёнотда, шунингдек, Шимолий Корея ҳукумати ҳам олти томонлама музокараларга қайтишга чақирилади.
XS
SM
MD
LG