Линклар

АҚШда 11 сентябрь воқеаларини хотирлаш маросимлари ўтказилмоқда.


Бундан беш йил олдин Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ва Вашингтондаги Пентагон биносига “Ал-Қоида” аъзоси экани айтилаётган бир гуруҳ кишилар томонидан ўғирлаб кетилган самолётлар келиб урилиши оқибатида уч мингга яқин одам ҳалок бўлган эди.
Ўғирлаб кетилган самолётлардан яна бири Пенсилвания штатидаги далада қулаганди.
Мазкур сана арафасида АҚШ президенти Жорж Буш бир пайтлар Жаҳон савдо марказининг эгиз миноралари қад кўтариб турган жойга гулчамбар қўйди.
“Бу кун хотира кунидир ва ўша куннинг сабоқларини ҳеч қачон ёддан чиқармасликка ваъда берганман”, - деди Ж.Буш.
Президентнинг воқеа содир бўлган бошқа жойларга ҳам бориши ва расмий чиқишлар қилиши кутилмоқда.
Бир пайтлар Жаҳон савдо маркази эгаллаб турган жойда ўтказиладиган маросимда воқеа қурбонлари номма ном хотирланади.
АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс 11 сентябрь ҳужумларидан кейин беш йил ўтиб, мамлакат хавфсизроқ бўлганини, бироқ ҳамон буткул хавфсиз эмаслигини айтди.
Вице-президент Дик Чейни Ж.Буш маъмурияти миллий хавфсизлик чораларини кучайтирганини таъкидлаб, 2001 йил 11 сентябрдан бери АҚШ бошқа бирор марта ҳужумга учрамаганини қайд этди.
Шунга қарамай, мухолифатдаги Демократлар партияси Ж.Буш маъмуриятини 11 сентябрь воқеаларини ўз сиёсий мақсадларида ишлатаётганликда айблаб келмоқда.
“Вашингтон пост” газетаси 11 сентябрдан беш йил ўтиб ҳам АҚШ махсус хизматлари Усама бин Лодинни қидириш ишларида жиддий натижаларга эришмаганини, сўнгги икки йил ичида эса унинг қаердалигига оид бирор маълумотга эга эмаслигини ёзди.
Айни пайтда “Ал-Қоида” етакчиларидан бири Айман аз-Заваҳирийнинг Форс кўрфази давлатлари ва Исроил террорчи ташкилотнинг навбатдаги нишони бўлиши ҳақидаги огоҳлантириши ёзилган видеотасма тарқатилди.
Заваҳирийнинг мурожаати 11 сентябрь воқеалари арафасида эълон қилинди. Унда Заваҳирий, шунингдек, Ироқ ва Афғонистонда коалиция кучларининг мағлубиятга учрашини башорат қилиб, мусулмонларни АҚШга қарши курашда бирлашишга чақиради.
XS
SM
MD
LG