Линклар

Шунча назорат каммиди ёки партияларнинг ғалати ташаббуси

  • Озодлик

Ўзбекистондаги “Адолат”социал демократик партияси ва Либерал демократлар партияси мамлакатга кириш ва чиқиш бўйича виза тартибини назорат қилишни кучайтириш ташаббуси билан чиқди.

“Узметроном” сайтида ёзилишича, бу партиялар виза тартибини кучайтириш ҳамда уни бузганларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини муҳокама қилган.

Бироқ “Адолат”партияси сиëсий кенгаши котиби Равшан Ҳайдаров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда фракциянинг яқинда ўтган йиғилишида виза тартибини кескинлаштириш эмас, балки уни бузган хорижлик фуқароларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масалалари муҳокама қилинганини айтди.

“Биз Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатдан чиқиш визасини олишини назорат қилишни кучайтириш масаласини эмас, балки хориждан Ўзбекистонга келиб¸ айтайлик 10 кун туриши мумкин бўлса, бир ой қолиб кетган фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш масаласини муҳокама қилдик”, - деди Р.Ҳайдаров.

Шунингдек, у сўнгги пайтларда Ўзбекистонга келиб, унинг ҳудудида виза тартибини бузаëтган хорижий фуқаролар кўпайиб кетаëтганини таъкидлади.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳудудига виза тартибини бузгани учун жавобгарликка тортилиши айтилаëтган фуқаролар, биринчи навбатда, қўшни республикалар фуқароларидир. Гап, асосан, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳақида бормоқда.

Ушбу мамлакатлар фуқаролари Тошкент режимини безовта қилаëтгани айтилади. Ўзбекистон ҳукумати сўнгги пайтларда бу давлатлар фуқароларини мамлакатга исломий фундаментализм ғоясини кенг ëяëтганлик, турли кўринишдаги жиноятлар содир этганлик, одам савдоси, гиëҳвандлик моддалари контрабандаси ва шу каби жиноятларда айблаб келмоқда.

Бироқ, сиëсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, бу ўринда гап бошқа масала устида бормоқда.

“Ҳозирги пайтгача чегаралар беркилди¸назорат кучайди. Аммо шу вақтгача террорчиларни¸ исломий ақидапарастларни ушладик, деган фактларга дуч келмадик. Қўшни мамлакатларда эса чегаралар очиқ¸ қолаверса, бундай хавф-хатар йўқ. Бу хавф-хатарни Тошкент режимининг ўзи халқни қўрқитиш учун ўйлаб топган”, - дейди Т.Йўлдошев.

Хўш, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби тузилмаларга аъзо бўлган ҳозирги пайтда партиялар нега бундай ташаббусни илгари сурди?

Т.ЙЎлдошев бу саволга жавоб қайтарар экан: “Биринчидан¸ бекорга биз чўнтак партиялар, деб айтмаймиз. Тепадан қандай буйруқ келса¸ шунга амал қилинади. Ҳолбуки¸Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлган, ҳужжатларни имзоламоқчи. Чегаралар очилишига умидлар бор. Партиялар эса бунинг тескарисини талаб қилмоқда. Афтидан¸ Кремль билан Оқсарой муносабатлари совуқлаша бошлади. Бу, албатта, бошқа мавзу”, - деб жавоб қайтарди.

Унинг билдиришича, бу каби ташаббуслардан мақсад “мамлакатни изоляция ҳолатида сақлаш ва 2007 йилга (президент сайлови чоғида) келганда назоратни кучайтиришдир”.


Сўнгги пайтларда ўзбекистонлик ўнлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда мустақил журналистлар тазйиқ ва таъқиблардан қочиб, мамлакатни яширин равишда тарк этган. Мустақил журналист Тўлқин Қораев нафақат сиëсий, балки иқтисодий қийинчиликлар туфайли ҳам Ўзбекистонни тарк этаëтганлар сони кундан-кунга ортиб бораётганини таъкидлади.

Бошқа тарафдан, 2007 йилги президент сайловига тайëргарлик бошланган бир пайтда расмий Тошкент мамлакатни ўзи учун исталмаган шахслардан тозалашни бошлагани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон постсовет рспубликалар ичида чиқиш визаси тартибини сақлаб келаëтган ягона мамлакат ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG