Линклар

Армия халқни ҳимоя қилиши керакми ёки ҳукуматни халқдан?

  • Озодлик

Россияда чоп этиладиган “Ҳарбий саноат курьери” газетасининг ёзишича, жорий йилда Ўзбекистонда мудофаа соҳаси учун 800 миллион АҚШ доллари сарфланиши режалаштирилган.

Бугун Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми жиҳатдан Марказий Осиёда Қозоғистон ва Туркманистондан сўнг учинчи ўринда, аҳоли сони бўйича эса биринчи ўринда туради. Президент Ислом Каримов минтақада энг катта – 70 минг кишилик армияга эга.

“Ҳарбий саноат курьери” газетасида ёзилишича, ҳозир Ўзбекистондаги вазиятни сақлаш ва уни назорат қилишда ҳукуматга ҳарбий-репрессив аппарат ëрдам беради. Айни салоҳиятни сақлаш мақсадида биргина шу йилнинг ўзида армия соҳасига 800 миллион доллар сафланаëтгани маълум қилинади. Мутахассисларга кўра, бу жуда катта сумма.

Москвалик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауернинг айтишича, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда армия тизимига жуда катта маблағ сарфланмоқда, аммо ўзбек армиясининг қандай потенциалга эгалиги ва ушбу пуллар айнан нимага сарфланаëтганини айтиш қийин.

“Ҳар ҳолда армия Андижонда юз берган ҳодисаларда ўзини кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам у ерда қуролланган кучлар бор эди. Масалан, Қирғизистон армияси эплай олмаган нарсани ўзбек армияси эплади. Ўзбекистон Қуролли кучлари полиция кучлари демакдир. Улар ташқи таҳдид учун эмас, балки ички таҳдидларни бартараф қилишга қаратилган. Бундан ташқари, ташқи таҳдид ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тўғри, толиблар ҳаракати ҳали ҳам бор, аммо улар Афғонистон жанубида, Покистон билан чегара ҳудудида. Шунинг учун Ўзбекистон учун ташқи таҳдид йўқ, деса ҳам бўлади. Бугун Ўзбекистон армиясининг асосий вазифаси амалдаги режим барқарорлигини сақлаб туришдир. Буни эса у зўр уддалаяпти”, - деди П.Фелгенгауер.

Таҳлилчилар фикрича, 2005 йил Андижонда юз берган воқеалар армия тизимининг ислоҳ этилиши сабабларини амалда кўрсатди. Андижон воқеаларидан сўнг бурчакка тиралган Ўзбекистоннинг Россиядан ëрдам сўрамасдан бошқа иложи йўқ эди. Айнан Россия сиëсий жарга тушиб қолган Ўзбекистонни ундан олиб чиқиш учун ëрдам қўлини чўзган саноқли мамлакатлардан бири эди. Кремль билан Оқсарой ўртасида иттифоқчилик келишувлари имзолангани, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва Коллектив хавфсизлик шантномаси ташкилотига қўшилиши Ўзбекистонни Россияга боғлаб қўйди. Армия ислоҳоти ҳам бундай алоқалар доирасида амалга оширилаëтган бўлиши мумкин.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти матбуот котиби Виталий Струговецнинг билдиришича, Ўзбекистон иштирокисиз Марказий Осиëда ташкилотнинг самарали тизимини тузиш иложсиз.

“Ўзбекистон минтақадаги катта таъсирга эга мамлакат. КХШТга аъзо бўлгач, Ўзбекистон нимага умид қилиши мумкин, деган саволга иккита омилни мисол қилиш мумкин. Биринчиси, КХШТ келишуви доирасида ҳарбий кадрларни тайëрлаш кўзда тутилган. Иккинчидан, ташкилот низомига мувофиқ унга аъзо мамлакатлар Россиядан имтиëзли нархда қурол-яроғ ва ҳарбий техника сотиб олиши мумкин”, - деди В.Струговец.

Бугун, кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати армия тизимини муваффақиятли равишда ислоҳ қила олган. Ҳукумат ҳарбий кадрларни етиштириб берувчи тизимни тўғри йўлга қўйган ва ҳозир бу тизим жадал ривожланмоқда.

2000 йилга келиб Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда йиғилиб қолган ҳарбий хизмат ëшидаги йигитлар билан ишлаш йўлини топди. Президент И.Каримов мамлакатда муқобил хизмат тизимини жорий этди. Эндиликда ҳарбий меҳнатидан нафақат қурилишда, балки қишлоқ хўжалиги ва умуман давлатга қарашли идораларда фойдаланиш мумкин эди. Яъни армияда хизмат қилиш ўрнига бошқа бир идорада ишлаëтган чақирилувчи ўз маошининг маълум фоизини давлат ҳисобига ўтказарди. Бу билан ҳукумат армияга ажратиладиган маблағни муқобил хизматдагилар эвазига қисқартиришга муваффақ бўлди.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ҳарбий хизматга чақирув бўлими ходимаси Шаҳноза сўзларига кўра, Қуролли кучлар тизимини ислоҳ қилиш доирасида сафарбарлик чақирув резерви тизими жорий этилган.

Шаҳноза ҳозир ўзбекистонлик ëшларнинг айримларида ватанпарварлик руҳи чинданда бор бўлса, бошқалари ҳарбий билетга эга бўлиш учунгина, яъни ноилож ҳарбий хизматга борижга мажбур бўлаëтганини айтади.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳарбий билетнинг ҳуқуқи фуқаролик паспортига тенглаштирилган. Агар ҳарбий билет бўлмаса, у ҳолда ишга жойлашиш қийин.


Ҳарбий соҳадаги муваффақиятга қарамай, таҳлилчилар таъкидича, мамлакатда оғир ижтимоий-сиëсий вазият ҳукм сурмоқда. Аҳолининг асосий қатламини ëшлар ташкил этиб, ишсизлик асосий муаммолардан бирига айланган.
XS
SM
MD
LG