Линклар

Тарқатган ахбороти учун "Save the Children" Адлия вазирлигидан балога қолди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Save the Children” ноҳукумат ташкилотининг мамлакатда қарийб ярим миллион бола таълим олиш имкониятидан маҳрум экани ҳақида тарқатган маълумотларни инкор этди.

Адлия вазирлиги расмийсининг “Пресс-уз.инфо” сайтига билдиришича, “Save the Children” тарқатган маълумотлар ёлғондир. Ўзбекистонда қарийб ярим миллион мактаб ёшидаги бола билим олиш имконидан маҳрум экани ҳақидаги бу маълумотлар ҳақиқатдан анча йироқ.

Ҳукумат қарашларини ифодаловчи ўзбекистонлик бошқа бир кузатувчи эса “Save the Childeren” ташкилоти АҚШ бюджетидан молияланиши бу маълумотлар ўша донорларнинг буюртмаси эканига ишора қилади.

Эслатиб ўтамиз, қароргоҳи АҚШнинг Коннектикут штатида жойлашган бу ташкилот шу ҳафтада эълон қилган йиллик ҳисоботида Ироқ ва Африканинг бир неча давлатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам болаларнинг билим олиш имкониятлари чеклангани ва қарийб ярим миллион, тўғрироғи 491 минг бола мактабга бормаслигини ёзганди. Ҳисоботда Ўзбекистон Афғонистон, Ангола, Бурунди, Камбожа, Зимбабве, Ироқ каби низо ва урушлар ҳукмрон давлатлар қаторида келтирилган ва харитада бу давлатлар қизил рангда белгиланган.

Жаҳонда 43 миллион мактаб ёшидаги бола уруш ва низолар боис билим олишдан мосуво қолаётганини айтган ташкилот раҳбари бунга хавфсизлик ва иқтисодий вазият асосий тўсиқ бўлаётганини таъкидлаган.

Ўзбекистонлик кузатувчи, маориф соҳасида кўп йиллар ишлаган Бахтиёр Исабеков “Save the Сhildren” ташкилоти тарқатган маълумотларда жон бор, деб ҳисоблайди. Аммо у Ўзбекистонда болалар уруш ва зўравонликлар боис эмас, балки иқтисодий қийинчиликлар туфайли мактабга бора олмаслигини айтади.

“Масалан, мен яшайдиган подъездда уч бола мактабга бормайди. Уларнинг ҳаммаси ота-онасига қарашадиган болалар. Улар бизнес билан шуғулланадиган ота-оналарига ёрдам беради. Яъни бу ерда моддий етишмовчиликни асосий сабаб сифатида кўрамиз”, - дейди Б.Исабеков.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон Адлия вазирлигидан “Save the Childeren” ташкилоти ҳисоботи юзасидан муносабат ола олмади. Халқ таълими вазирлиги ходими эса ташкилот ҳисоботида келтирилган маълумотларни рад этди, аммо шундан ортиқ муносабат билдира олмаслигини таъкидлади.

“Ўзбекистонда биронта бола билим олишдан четда эмас. Ахир президент совғаси ҳар битта болага берилади-ку”, - дейиш билан чекланди Халқ таълими вазирлиги ходими.

“Save the Сhildren” ташкилоти Ўзбекистонда 2004 йилдан бери фаолият олиб боради. 2004-2005 йилларда ташкилот мамлакатда жамоатчиликнинг таълим ва мактабларда билим бериш сифатини ошириш масаласидаги иштирокини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Save the Сhildren”нинг сўнгги ҳисоботига муносабат билдирар экан, ташкилот Ўзбекистон ҳақида бўҳтон маълумотлар тарқатиб, ўз обрўсига зиён етказганини таъкидлаган.

Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда Адлия вазирлиги кўрсатмаси билан ўнлаб ноҳукумат ташкилотлар, жумладан, таълим соҳасида ишлайдиган ташкилотлар ҳам ёпилди.
XS
SM
MD
LG