Линклар

БМТда Миграция ва тараққиёт масалаларига бағишланган йиғилиш бўлди

  • Ҳасанжон

БМТ Бош Ассамблеясининг 61-сессияси 14 сентябр куни халқаро миграция масалаларига бағишланган йиғилиш билан бошланди. Маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда камида 190 миллион ишчи мигрант бор. Ҳукуматлар мигрантлар мамлакат иқтисодиётининг салмоқли қисмини ташкил этишини англаб етмоқда. Шу боис БМТ анжумани ташкилотчилари дунё давлатлари ҳукуматларини мигрантларга оид ўз сиёсатларини мувофиқлаштиришга чақирмоқда. Уларга кўра, халқаро жамоатчилик ҳеч бўлмаса мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўришлари керак, демоқдалар.

Икки кунлик йиғилишнинг тантанали очилиши маросимида сўзлаган БМТ Бош котиби Кофи Аннан бир неча йил олдин кўпчилик дунё ҳукуматлари миграция масаласини хатто муҳокама этишга рози бўлмайди, деган фикрда бўлганини айтди:

“Одамлар бир жойдан бошқасига кўчишининг ушбу янги даврида дунё давлатлари учун янги имкониятлар очилмоқда. Шу билан бирга миграция янги муаммолар ҳам пайдо қилмоқда. Бу жараён халқаро миграция ва тараққиёт ўртасида узвий боғлиқлик борлигини намоён қилди. Бир неча йил олдин кўпчилик миграция масаласи БМТда муҳокама этилишини хатто ҳаёлига ҳам келтирмаган эди”, – деди К.Аннан.

БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида бу масала бежиз муҳокама этилаётгани йўқ. Дунё бўйлаб миграция шу даражага етдики, айрим бой давлатларда аҳолининг салмоқли қисмини мигрантлар ташкил этмоқда.

БМТ эълон қилган сўнгги маълумотга кўра, 2005 йилда АҚШда 38 миллион мигрант борлиги аниқланган. Бу АҚШ аҳолисининг 13 фоизини ташкил этади. Дунёнинг бази давлатларида эса мигрантлар аҳолининг бундан ҳам кўп қисмини ташкил этмоқда. Масалан, Австралия аҳолисининг қарийб 20 фоизи мингрантлардан иборат. Канадада эса бу кўрсаткич 19 фоизни ташкил этади.

БМТ маълумотига кўра, Шарқий Европада яшовчи минглаб оилалар Ғарбий Европа давлатларига кўчиб бормоқда. Уларнинг асосий қисмини Европа Иттифоқига янги аъзо бўлиб қўшилган давлатлар, шунингдек, Россия ва Украина фуқаролари ташкил этади.

БМТ Бош котибининг Миграция масалалари бўйича махсус вакили Петер Сутерланд анжуман қатнашчиларини ҳеч бўлмаса, мигрантларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш борасида халқаро қонун ишлаб чиқишга чақирди.

Айни пайтда, Сутерланд мигрантлар масаласида халқаро келишувга эришиш осон бўлмаслигини тан олди. Унга кўра, аксарият давлатлар миграцияга ички муаммо сифатида қарайди ва уни халқаро миқёсда эмас балки мамлакат ичида ҳал қилишни хоҳлайди:

“Менимча, АҚШ бу масаланинг халқаро миқёсда муҳокама этилишига қизиқиш билдирмаган”, – дейди П.Сутерланд.

БМТ Бош котибининг Миграция масалалари бўйича махсус вакили Ғарбий Европа давлатлари миграция муаммосини ҳал этишга қаратилган сиёсат ишлаб чиқишни АҚШдан кўра кўпроқ хоҳлашини айтади. Унга кўра, Белгия ҳукумати 2008 йилда бўладиган миграция масаласига бағишланган навбатдаги анжуманга мезбон бўлишни таклиф қилган.
XS
SM
MD
LG