Линклар

Молдованинг айирмачи Днестрбўйи республикаси фуқаролари Молдовадан мустақил бўлиш ва кейинчалик Россияга қўшилиш учун овоз берди.


Днестрбўйи марказий сайлов комиссияси раиси Пётр Денисенко якшанба куни ўтказилган референдумда сайловчиларнинг 97,1 фоизи айирмачи ўлканинг 16 йиллик мустақиллик сиёсатига ҳамда ва келажакда Россияга қўшилишига “ҳа”, деб овоз берганини маълум қилди.
Денисенкога кўра, овоз берганларнинг деярли 95 фоизи Молдова билан қайта бирлашишга қарши чиққан.
Бугун Тирасполда ўтказилган матбуот анжуманида айирмачи минтақа етакчиси Игорь Смирнов Россияга қўшилиш бўйича чоралар дарҳол амалга ошириладиганини айтди.
“Молдова Днестрбўйи Республикаси қонунларини Россия Федерациясининг молия, иқтисод, солиқ, божҳона, ижтимоий ҳимоя ва маорифга оид қонунлари билан уйғунлаштириш бўийча қонун лойиҳасини тайёрлаяпман”, - деди Смирнов.
Россия Давлат думасининг МДҲ масалалари бўйича қўмитаси раиси Андрей Кокошин референдумнинг натижалари “албатта эътиборга олиниши лозим”, - деди.
Молдова ва ғарб мамлакатлари якшанба кунги референдумни тан олмасликларини таъкидлаб келмоқда ва Тирасполни Кишенёв билан музокараларга қайтишга чақирмоқда.
Россияга содиқ Днестрбўйи республикаси 1990 йилда Модовадан мустақил бўлганини эълон қилган ва 1992 йилдаги қисқа урушдан сўнг Молдовадан де-факто ажраган.
Днестрбўйининг мустақиллигини ҳеч қайси давлат тан олмаган. Бироқ айирмачи минтақани Россия норасмий тарзда қўллаб қувватлайди. Днестрбўйида Россиянинг 1200га яқин қўшини бор.
XS
SM
MD
LG