Линклар

logo-print

Инсон ҳуқуқлари кенгаши нишонида яна Ўзбекистон

  • Озодлик

18 сентябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевадаги қароргоҳида дунëда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича уч ҳафталик йиғилиш бошланди. Унда кенгашга аъзо 47 мамлакат вакилларининг инсон ҳуқуқлари топталиши, зўравонликлар, қийноқларни қоралаши кутилмоқда.

Кенгашнинг биринчи амалий йиғилишида Дарфур, Шри-Ланка, Африка ва Эрондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият билан бир қаторда Ўзбекистон ҳақида ҳам сўз боради.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ходими Антуан Медланинг айтишича, Ўзбекистон ҳақида сўз борганида, асосан, мамлакатда фаолият юритадиган инсон ҳуқуқлари фаолларидан олинган маълумотларга таянилади.

“Бизда Андижон воқеалари билан боғлиқ маълумотлар, ушбу ҳодисалардан сўнг оммавий қатағонлар ўтказилгани, қийноққа солиниш ва судларнинг адолатсизлиги ҳақида далиллар бор. Женевада айни шу ҳақда гап боради”, - деди А.Медла.

Унинг айтишича, Женевадаги йиғилишни ўтказишдан мақсад дунëдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиш ва унга баҳо беришдир. Унда, жумладан, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тайëрлаган ҳисоботлар кўриб чиқилади.

Юртидан қочиб кетгандан кейин Қозоғистонда ҳибсга олинган, кейинчалик эса Европа мамлакатларидан биридан бошпана олган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов ватанидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият янада оғирлашганини билдирди.

“13 май воқеаларига қадар биз панада бўлса ҳам пикетлар уюштирар эдик, давра суҳбатлари бўлар эди. Андижон воқеаларидан сўнг эса буларнинг баридан маҳрум бўлдик”, - дейди А.Бойматов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи фаолларнинг фаолияти ҳам кундан-кунга қийинлашиб бораëтганини айтади.

“Андижон воқеаларидан сўнг инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан ҳозирги диктатура тизими қаттиқ зулм ўтказа бошлади. Ҳуқуқ фаолларининг бир қисми бошқа давлатларга яширинча кетган бўлса, бошқалари судга тортилиб, узоқ муддатларга қамалди”, - дер экан С.Икромов ҳуқуқ ҳимоячилари Саиджаҳон Зайнобиддинов, Мўътабар Тожибоева, Ëдгор Турлибеков исмларини тилга олди.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссияси сўнгги йилларда олиб бораëтган фаолияти учун инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан танқидга учрагач, комиссия кенгашга айлантирилган эди. Кенгашнинг июнь ойида бўлиб ўтган дастлабки йиғилишида, асосан, унинг низоми муҳокама қилинганди.

Янги кенгаш БМТда бошланган ислоҳотларнинг асосий қисми бўлиб, унинг муваффақиятли иши бутун ташкилот ишончининг синовидек кўрилмоқда.

Кенгашнинг бу галги йиғилишида террорга қарши курашдан тортиб, Дарфур ва Шри-Ланкадаги бўҳронни ҳал этиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Суданнинг Дарфур вилоятида 2003 йилдан бери давом этиб келаётган зўравонликлар оқибатида 180 минг киши ўлдирилди, икки миллион киши ўз уйини ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлди.

Шри-Ланкада ҳам исёнчилар ва ҳукумат қўшинлари билан тўқнашувлар давом этмоқда. Бу ерда юзлаб одам тўқнашувлар қурбони бўлаётир, минглаб аҳоли бошпанасиз қоляпти. Нисбатан шавфқатсиз жанг ҳаракатлари мамлакатнинг шимоли-шарқида бормоқда. Бу ҳудудни исёнчилар ўз назоратига олган.
XS
SM
MD
LG