Линклар

Журналистларсиз мамлакат

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда журналистларга нисбатан кенг кўламда тазйиқ бошлангани кузатилмоқда. Шунинг учун Экстремал журналистика маркази Ўзбекистондаги журналистлар билан боғлиқ вазиятни таҳликали, дея баҳолади.

Ҳақиқаттан ҳам сўнгги вақтларда Ўзбекистонда журналистлар билан боғлиқ бир неча эътиборга молик воқеалар содир бўлди.

Бухорода мухолифат тарафдори бўлган журналист Саидбурхон Қодиров ўз иш жойида чавақланди. Жиззахда мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳибсга олинди. Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-уз инфо” сайтида сал аввалроқ журналист Галима Бухорбоевага қарши ҳақоратомуз мақола эълон қилинганди.

Қамоққа олинган У.Ҳайдаров Жиззахдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳукумат нуқтаи назаридан фарқли ёритадиган саноқли журналистлардан.

Журналистнинг опаси Нортожи Ҳайдарованинг айтишича, укасига нисбатан конституциявий тузумга тажовуз қилиш айблови қўйилган.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси вакили У.Ҳайдаровнинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган эса-да, тергов тафсилотларини ошкор эта олмаслигини маълум қилди.

Н.Ҳайдарова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда укаси яшайдиган хонадон ички ишлар ходимлари томонидан тинтув қилингани ва у ёзган мақолалар ашёвий далил сифатида олиб кетилганини билдирди.

“Терговчи менга қўпол муомала қилиб, укамнинг олдига киритмаслигини, Интернетга мақола ëзгани учун уни авахтада чиритишини айтди”, - деди Н.Ҳайдарова.

Жиззахлик журналист ҳибсда олинган бир пайтда унинг бухоролик ҳамкасби Саидбурхон Қодиров шифохонада энди-энди ўзига келмоқда. У 13 сентябрь куни ўз ишхонасида пичоқлаб кетилганди.

Айни пайтда С.Қодиров Бухоро шифохоналардан бирида интенсив терапия хонасида ётибди.

“Аҳволи жиддий, аммо яхшиланмоқда. Унинг олдига яқинлари киритилмаяпти”, - дейди шифохонанинг “Озодлик” мухбири билан гаплашган ҳамшираси.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган бухоролик яна бир суҳбатдошнинг таъкидлашича, мухолифатга алоқаси бўлгани учун сўнгги йилларда С.Қодировга нисбатан тазйиқлар кўп кузатилган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова С.Қодировни чавақлашда гумон қилинган киши қўлга олиниб, унга айблов эълон қилинганини билдирар экан, воқеа тафсилотларига ҳам тўхталди.

“Касби журналист Акбар Жумаев исмли йигит узоқ вақтдан бери ўзининг публицистик мақолаларини Саидбурхон ишлайдиган “Бухоро ёшлари” газетасида нашр этиш учун уринган. Лекин мақолаларни яхшилаш, улар устида ишлашни истамасдан, сўнгги кунларда Саидбурхонга мақолаларини чоп этмаса, уни йўқ қилишини айтиб, таҳдидлар қилган. Лекин Саидбурхон бу таҳдидларни жиддий қабул қилмаган”, - дейди В.Иноятова.

Унинг сўзларига кўра, 13 сентябрда яна С.Қодировнинг олдига келган Акбар Жумаев пичоқ билан унга ташланиб, бирликчи-журналистнинг қорнига бир неча марта пичоқ урган ва қочган. Саидбурхоннинг фарёдларини эшитган ҳамкасблари жиноятчининг орқасидан қувлаган ва бинога кираверишдаги постда турган милиционер билан бирга уни ушлаган. Бу шахс ҳозир қамоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримов ҳам бедарак экани хабар қилинмоқда.

Маълум бўлишича, хорижга чиқиш визасини олиш учун Ж.Каримов паспортини хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бўлимига берган. Виза берилиши учун қонунда белгиланган муддат аллақачон ўтиб бўлган эса-да, унинг паспорти қайтариб берилмаган. Оқибатда президентнинг жияни уйидан чиқа олмайдиган ҳолатга тушиб қолган ва баъзи бир маълумотларга кўра, уйини тарк этган.

Бундан аввалроқ Ж.Каримов доимо кузатувда эканини ҳис этишини ҳам айтган эди.

“Сигарет учун чиқсам ҳам уйимиз яқинида, тахминан 50-100 метр узоқликда бир ёка икки машина доим мени кузатиб туришини кўраман. Биттаси ички ишлар бошқармасига қарашли “Жигули”, иккинчиси “Нексия” - хавфсизлик хизматининг машинаси. Бир куни ойим уларга юзланган экан, биз бу ерда сиз ва оилангиз хавфсизлиги учун, сизларга ҳеч нарса бўлмаслиги учун ўтирибмиз, дейишибди”, - деган эди Ж.Каримов.

Ҳозир муҳожиратда бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, Жамшиднинг отаси Арслон Каримов Ислом Каримовнинг Жиззаҳда кўп йиллар яшаган акасидир. У 1989 йилда автоҳалокатда оламдан ўтган эди. Ҳозир унинг Алишер, Жамшид ва Гулчеҳра исмли фарзандлари Жиззахда истиқомат қилмоқда.

Аммо, Т.Ёқубовнинг билдиришича, президентнинг улар билан борди-келдиси йўқ. Айни вақтда Жамшид Каримовнинг қаерда экани ҳам номаълум.
XS
SM
MD
LG