Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Венргия Бош вазири мухолифатнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини рад этди


Венгрияда мухолиф партиялар Бош вазир Ференц Дюрчандан истеъфога чиқишни талаб қилмоқда. Сешанбага ўтар кечаси минглаб норозилик намойиши қатнашчиси ва полиция ўртасида содир бўлган тўқнашувда юздан ортиқ одам жароҳатланди. Бироқ Бош вазир истеъфога чиқишдан бош тортмоқда. Апрел ойидаги сайловда ютиб чиқиш учун Дюрчан ўзи ва у етакчилигидаги “Социалистик” партия Венгриядаги иқтисодий ютуқлар ҳақида ёлғон маълумот бергани ҳақида магнит лентасига ёзилган овоз 17 сентябр куни оммага ошкор қилингани норозиликка сабаб бўлди.

Венгрия ҳукумати солиқ миқдори, тиббий хизматлар ва ўқиш нархларини оширишни режалаган. Ўтган ҳафта охирида минглаб фуқаролар парламент биноси олдида ҳукуматнинг бу режасига қарши икки кун тинч намойиш ўтказди.

Якшанба куни маҳаллий оммавий ахборот воситалари апрел ойида ўтказилган сайловда ютиб чиқиш учун Бош вазир Ференц Дюрчан ва у етакчилигидаги “Социалистик” партия мамлакатдаги иқтисодий ютуқлар ҳақида ёлғон маълумотлар берганини эфирга узатди:

“Охирги саккиз йил давомида мамлакатнинг сиёсий элитаси ёлғон гапириб келгани рост. Биз шу ҳақда гипиряпмиз. Биз 1992 йилдан бери айтиб келинаётган ёлғонга қандай қилиб қарши бора олишимиз ҳақида гапиряпмиз. Биз бунга қачон чек қўя оламиз? Мен бунга бир ёки бир ярим йил ичида чек қўя олмайман”.

Бош вазир Ференц Дюрчан ўз партияси йиғилишида айтган гапларни ким магнит лентасига ёзиб оммага ошкор қилгани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ айнан шу маълумот минглаб фуқаронинг норозилик намойишига қўшилишига сабаб бўлди.

18 сентябр куни тунда намойишчиларнинг бир неча гуруҳи телевидение биносига бостириб киришга уринди. Аммо полиция кучлари уларни кўздан ёш оқизадиган газ ва сув сепадиган қурол ёрдамида ортга қайтарди. Намойишчилар телевидение биноси олдидаги бир неча машинани ёқиб юборди ва бинога тош отиб зарар етказди. Полиция ходимлари бир неча минг қўшимча куч чақирди. Содир бўлган тўқнашувда юздан ортиқ одам асосан полиция ходимлари жароҳатланди.

Бир неча соат ўтиб Бош вазир Ференц Дюрчан Венгрияда 1989 йилда коммунистлар ҳокимиятдан ағдарилганидан бери энг мудҳиш тўқнашувлар юз берганини айтди. Мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар давом этишини таъкидлаган Дюрчан намойишчилар талаб қилаётганидек, Бош вазир лавозимидан истеъфога чиқмаслигини айтди. У мамлакатда тартиб ўрнатиш учун “бор имкониятни ишга солиши” ҳақида огоҳлантирди:

“Биз норозилик билдириш ҳуқуқига эгамиз. Аммо, биз давлат идораларига бостириб кириш ҳуқуқига эга эмасмиз. Мен буни аниқ биламан. Бу қабул қилиб бўлмас ҳол”, – деди Венгрия Бош вазири.

Дюрчан зўравонликка сабаб бўладиган баёнот бермаганини таъкидламоқда. Парламентдаги “Социалистик” партия аъзоларининг ҳаммаси бир овоздан уни қўллаб-қувватлади. Бу партиянинг коалициядаги ҳамкори “Эркин Демократлар” вакиллари ҳам Бош вазирни қўллаб-қувватладилар.

Брюсселда Венгриянинг Европа Иттифоқидаги вакили Ласло Ковач Будапештда рўй берган тартибсизлик мамлакат хавфсизлиги ва келажагини хавф остига қўйишини айтди:

“Бу фақат партия доирасидаги сиёсат эмас. Узоқ муддат назарга олинса, бу мамлакат барқарорлиги ва келажагини хавф остига қўйиши мумкин”, – деди Венгриянинг Европа Иттифоқидаги вакили Ласло Ковач.

Венгриянинг мухолифат партиялари аъзолари эса Бош вазир Ференц Дюрчаннинг истеъфога чиқишини талаб қилишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG