Линклар

Ўзбекистон ҳарбийлари Краснодарда "террорчиларни қийратяпти"

  • Фаррух Юсуфий

Россиянинг Краснодар ўлкасида Ўзбекистон ва Россия ҳарбий қисмлари иштирокида қўшма машқлар бошланди. Бу машқларни Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари Сергей Иванов ва Руслан Мирзаев кузатади.

Бу ҳақда хабар тарқатган ахборот агентликларининг ёзишича, 19 сентябрдан 23 сентябргача бўлиб ўтадиган машқларда Россиянинг ҳаво десанти ва Ўзбекистоннинг террорчиликка қарши курашувчи махсус бўлинмалари қатнашади, ҳарбий вертолётлар, зирҳли машиналар ва артиллерия жалб этилади.

Ўзбекистон ва Россия ҳарбий кучларининг қўшма машқлари ҳақидаги дастлабки хабарлар сешанба куни тарқалди. Айни вақтда бошланиб улгурган машқлар ўтказилиши ҳақида аввалдан ҳеч қандай ахборот йўқ эди.

“Фергана.ру” ахборот агентлигининг “Коммерсант” газетасига таяниб ёзишича, Россия бош вазири Михаил Фрадков қўшма машқларни ўтказишни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги билан келишиб олиш ҳақида Россия Мудофаа вазирлигига буйруқ берган. Буйруқ Мудофаа вазирлигига етиб улгурмасдан, аниқланишича, Краснодарда Россия-Ўзбекистон қўшма машқлари фавқулодда бошлаб юборилган.

Россиялик мустақил кузатувчи Аркадий Дубнов икки мамлакат ўртасидаги бу каби ҳарбий машқлар аввалдан тайёрланиши лозимлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, Краснодардаги машқлар аввалдан режалаштирилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Лекин бу ҳақда аввалдан эълон қилинмаганини уни ҳукумат ҳужжатида расмийлаштириш ёддан кўтарилгани ёки эълон қилиш аввалдан ташкилотчилар режасида бўлмагани билан изоҳлаш мумкин.

“Бу машқлар аввалдан тайёрланган бўлиши керак, фақатгина ҳукуматдаги бюрократик тўсиқлар сабаб уларни расмийлаштириш пайсалга солиб келинган бўлиши мумкин. Машқлар эса белгиланган вақтда ўтказилиши керак, шунинг учун сўнгги дақиқада машқларга кетадиган сарф-харажатни ҳукумат манбалари ҳисобидан расмийлаштириш учун бош вазирнинг фавқулодда буйруғи эълон қилинган бўлиши мумкин. Яна бошқа сабаби, балки бу машқлар ўтказилиши ҳақида аввалдан хабар қилишни исташмаган ва охирги кунда матбуотга бу ҳақда ахборот берилган”, - дейди А.Дубнов.

Москвалик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр эса икки мамлакат ўртасидаги қўшма ҳарбий машқларнинг фавқулодда эълон қилиниб, бошлаб юборилишига Ўзбекистон унда қатнашишни аввалдан режалаштирмагани сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Бу каби машқлар бирданига ўтказилмайди, уларни аввалдан тайёрлаш зарур. Албатта, ҳукумат қарорларни қабул қилишда секин ҳаракат қилади, лекин ҳарбий машқлар кеча пайдо бўлган гап эмас. Балки Ўзбекистоннинг уларда қатнашиши кўзда тутилмагандир, сўнгги дақиқада эса ўзбекларни машқларга қўшиб олишга қарор қилингандир”, - дейди ҳарбий таҳлилчи.

Россиялик суҳбатдошларнинг иккаласи ҳам Россия-Ўзбекистон қўшма машқлари атрофидаги бундай ноаниқликлар уларнинг амалий жиҳатдан ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини кўрсатишини билдирди.

Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликлари бу борада изоҳ бермади.

А.Дубнов Краснодардаги машқларнинг сиёсий аҳамияти, асосан, сиёсий, яъни Тошкентнинг Москва назоратига қайтганини яна бир марта кўрсатишдан иборат эканини айтади.

“Россия-Ўзбекистон қўшма машқлари ёки умумий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик ҳақида гапирилганда, Москва Ўзбекистонни назорат қилаётганини намойиш этишга ҳаракат бўлганини кўрасиз. Краснодардаги машқлар шунчаки Тошкент ўзининг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги аъзолигини юридик ҳужжатлар билан расмийлаштириши лозимлиги ҳақидаги Москва томонидан қилинган эслатма, холос. Тошкент эса бу ташкилотдаги аъзолигини расмийлаштиришга ва Россия етакчилигидаги ҳарбий тузилмага тобеъ бўлиб қолишга ошиқмаяпти. Чунки бу Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамиятини камайтиради. Москва эса, аксинча, Тошкентнинг КХШТга аъзолигини тезроқ расмийлаштириш ва назоратни тўла ўз қўлига олишни истайди”, - деди А.Дубнов.

КХШТ 2007 йилга қадар Марказий Осиёда бирлашган қўшинлар гуруҳини яратиш нияти ҳақида эълон қилган. Ташкилот матбуот вакили Виталий Струговец “Озодлик”ка берган интервьюсида бирлашган қўшинлар гуруҳида Ўзбекистон иштирок этмаслигини маълум қилди.

“Ўзбекистон 2006 йилнинг июнида ташкилотдаги аъзолигини тиклади, лекин буни юридик жиҳатдан расмийлаштириш 2008 йилнинг биринчи январигача якунланишини эътиборга олсак, Марказий Осиёдаги бирлашган қўшинлар гуруҳида Ўзбекистоннинг иштирок этиши кутилгани йўқ. Ўзбекистон КХШТга аъзолигини расмийлаштиришни якунлаганидагина унинг бу қўшинлардаги иштироки масаласи кўриб чиқилиши мумкин”, - деди В.Струговец.

Унинг қўшимча қилишича, Краснодардаги ҳарбий машқлар КХШТ доирасида ўтказилмаётган бўлса-да, Россиянинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам ташкилотга аъзолиги инобатга олинса, ҳарбий машқларнинг мақсадлари ташкилот миссияси билан муштараклигини кўриш мумкин.

“Машқларнинг КХШТга алоқаси бўлмаса-да, Россия ва Ўзбекистоннинг, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам ҳақиқий иттифоқчига айланаётганидан дарак беради. Краснодардаги машқларнинг аксилтеррор йўналишда экани ҳам икки мамлакатнинг нафақат ҳарбий соҳада, балки террорчиликка қарши кураш соҳасида ҳам яқин ҳамкорликни бошлаётганидан далолатдир”, - деди В.Струговец машқларнинг Шимолий Кавказ тоғлари яқинида ўтказилаётганига урғу бериб.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр эса КХШТ вакилининг машқларга берган баҳосига қўшилмаслигини айтади.

“Биринчидан, машқлар оддий характерга эга. Машқларда Ўзбекистоннинг жуда оз сонли ҳарбийлари иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Шимолий Кавказда воқеалар ривожланиб, вазият кескинлашадиган бўлса, Ўзбекистон қўшинлари ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда у ерга ташланмайди”, - дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG