Линклар

logo-print

Ғалати замон бўлди. Президентнинг жияни ҳам йўқолади...ми?

  • Ҳурмат Бобожон

Етти кундирки, жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовдан дарак йўқ. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни экани айтиладиган Жамшид ўтган сешанба куни уйидан чиққанича қайтиб келмаган.

“У шифохонада ётган ойимни кўргани шиппакда чиқиб кетганича қайтмади”, - дейди Ж.Каримовнинг акаси Алишер Каримов.

Журналистнинг онаси Маргарита Каримова эса ўғлини сўнгги марта 11 сентябрь куни у шифохонага келганида кўрган. 70 ёшли Маргарита опа ўғлининг йўқолиб қолганини эшитиб, тузалмаса ҳам шифохонадан уйига қайтган ва ўғлини кўзи тўрт бўлиб кутмоқда. Жамшид йўқолганидан бери унинг аҳволи янада оғирлашган.

Ж.Каримовнинг йўқолгани ҳақида Ўзбекистон президенти девонидагилар ҳам, Жиззах вилояти ҳокимлигидагилар ҳам ҳеч нарса билмаслигини айтмоқда. Жиззах вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Марат Холтурдиевдан ҳам бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бўлмади.

Ж.Каримовнинг оиласи вилоят милициясига ҳам мурожаат этган. “У ердан ҳам жавоб йўқ”, - дейди Маргарита Каримова.

Ж.Каримов Ўзбекистондан чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар йўқ эмас. Аммо онаси ўғли ҳибсда бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Ҳозир Ж.Каримовнинг касалванд онаси билан бирга унинг турмуш ўртоғи ва кичкина қизи уйда қолган. Маргарита опанинг айтишича, Жамшидни топишга ёрдам бериши мумкин бўлган ягона одам Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқуловдир. Аммо у ҳам Жамшид масаласида ўзини четга олмоқда.

Маргарита опа У.Яманқулов Ўзбекистон президентининг Жиззахдаги қариндошларига кўп яхшилик қилганини, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келганини эслайди.

“Ҳокимнинг ўзи Жамшидга 300 минг сўмдан берган, мени хизматкор билан таъминлаган. 15 сентябрдан кейин ҳоким буларни тўхтатди”, - дейди журналистнинг онаси.

Ж.Каримов президентнинг жияни бўлишига қарамай, вилоят ҳокимлиги даражасидаги порахўрлик, қонунбузарликлар ҳақида кўплаб мақола ёзган ва унинг бу мақолалари Интернетда эълон этилган.

У қатори шу каби мақолалар ёзган бошқа бир жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров эса ўтган ҳафта порахўрликда айбланиб ҳибсга олинди. Уларнинг касбдошлари У.Ҳайдаровнинг ҳисбга олиниши ва Ж.Каримовнинг бедарак йўқолиши журналист сифатидаги касбий фаолият билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонда улар билан бирга ишлаган, аммо тазйиқлардан қочиб Швециядан паноҳ топган журналист Юсуф Расулов жиззахлик ҳамкасбларидан бирининг ҳибсга олиниши ва бошқаси бедарак кетиши бир-бири билан боғлиқ ҳодиса бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан қочирмайди.

“Чунки улар доим бирга ишлашган. Жамшид рус тилида, Улуғбек эса ўзбек тилида мақолалар ёзган”, - дейди Ю.Расулов.

Ж.Каримов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Жиззахда кўп йиллар яшаган акаси Арслон Каримовнинг ўғли экани айтилади. Арслон Каримов 1989 йилда автоҳалокатда оламдан ўтган. Ҳозир унинг Жамшиддан ташқари Алишер ва Гулчеҳра исмли фарзандлари Жиззахда истиқомат қилади. Аммо президентнинг улар билан борди-келдиси йўқ.
XS
SM
MD
LG