Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:09

Эркин журналистлар учун хавфли мамлакат


Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг ҳибсга олинишини қоралади, шунингдек, жиззахлик яна бир журналист Жамшид Каримов тақдири юзасидан хавотир билдирди.

Ўзбекистон президентининг жияни экани айтилаётган Ж.Каримов ўтган сешанба куни уйидан чиқиб кетганича қайтиб келмаган. У.Ҳайдаров эса пайшанба куни таъмагирлик айби билан ҳибсга олиниб, ҳозир 5 йилдан 10 йилгача қамалиш хавфи остидадир.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Марказий Осиё ва Шарқий Европа бўлими раҳбари Элза Зидал фикрича, Жиззах вилоятида мавжуд иқтисодий ва ижтимоий муаммолар борасида Интернетдаги турли саҳифаларга ёзган танқидий мақолалари билан танилган бу журналистлар касбий фаолияти учун таъқибга учраган бўлиши мумкин.

“У.Ҳайдаровнинг беш йилдан ўн йилгача бўлган муддатга қамалиш хавфи бор. Биз бундан жуда хавотирдамиз. Шунингдек, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг мустақил журналист сифатида танилган жияни Жамшид Каримовнинг бир ҳафта илгари шубҳали тарзда йўқолиб қолиши ҳам бизни хавотирга солмоқда", - деди Элза Зидал.

Оила аъзолари Жамшид ҳам ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо Жиззах вилояти ички ишлар ва миллий хавфсизлик бошқармалари бу масалада гапиришдан ўзини четга олмоқда.

Йўқолишидан олдин Ж.Каримов хавфсизлик идораларининг доимий таъқиби остида экани, ички виза олиш учун берган паспортини қайтариб ола олмаётганидан шикоят қилган эди.

У.Ҳайдаровнинг опаси Нортожи Ҳайдарованинг айтишича, 14 сентябрь куни укаси автобус кутиб турган пайтда қандайдир аёл келиб унинг чўнтагига пул ташлаган. Сониялар ўтар-ўтмас милиция келиб журналистни ҳибсга олган.

Н.Ҳайдарова укасининг ҳибсга олиниши унинг журналист сифатидаги фаолияти билан боғлиқлигини айтмоқда. Унинг билдиришича, У.Ҳайдаровнинг Интернетда эълон қилинган “Юз минг доллар қаерга ғойиб бўлди?” сарлавҳали сўнгги мақоласи Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ҳокими ҳақида бўлган. У.Ҳайдаров устидан милицияга шикоят қилган аёл ҳам Бахмал туманидан экани айтилмоқда.

Опасининг сўзларига кўра, терговчи Улуғбек Ҳайдаров ўз айбига иқрор бўлганини билдирган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти У.Ҳайдаровнинг ҳибсга олиниши ва Ж.Каримовнинг бедарак кетишини бир-бирига боғлиқ ҳол ҳисоблайди.

“Афтидан, бу икки ҳолат бир-бири билан боғлиқ. Бунга тўла амин бўлишимиз учун қўшимча маълумотлар керак. Лекин биламизки, ҳар икки журналист доим бирга ишлаган ва ўз мақолаларида жаноб Каримов ҳукуматини кескин танқид қилиб келган”, - дейди ташкилот вакиласи Элза Зидал.

Андижондаги қонли воқеалардан кейин ўзбекистонлик ўнлаб мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Мамлакат ичкарисида қолган мустақил журналистлар овозини ўчириш учун эса ҳукумат таъқиб ва тазйиқ йўлига ўтиб олгани айтилади.

Элза Зидал бугунги кунда Ўзбекистон эркин журналистик фаолият учун энг хавфли давлатлардан бирига айланганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG