Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг расмий вакиллари ўз ҳукуматини қаттиқ ҳимоя қиляпти


"Озодлик" БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 18 сентябрь куни Женевада бошланган уч ҳафталик йиғилишида Ўзбекистоннинг ташкилотдаги доимий вакили ўз ҳукумати позициясини фаол ҳимоя қилмоқда.

Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ходими Антуан Медла маълум қилди.

“Ўтаëтган тадбирда Ўзбекистоннинг Женевадаги ваколатхонаси аъзолари фаол қатнашиб, расмий Тошкент нуқтаи назарини ҳимоя қилиб келмоқда. Келаëтган душанба куни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақидаги ҳисобот ëпиқ эшиклар ортида тингланади. Унда республикадаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан яхши таниш бўлган экспертлардан бири маъруза қилади. Айтиш мумкинки, ҳукумат вакиллари ва ўша эксперт ўртасида баҳс-мунозара бўлиб ўтади”, - деди А.Медла.

У Ўзбекистон тўғрисидаги ҳисобот ёпиқ эшиклар ортида тингланиши масаласига тўхталар экан, ҳозир энг муҳими Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистондаги вазият бўйича ҳисоботини инобатга олиб, уни қоралаш эканини таъкидлади.

“Асосий муаммо шундаки, биз ҳукуматлараро форумдамиз. Унда қатнашаëтган аъзо мамлакатларнинг аксарияти Ўзбекистондаги вазиятдан қониқиш ҳосил қилиши мумкин. Масалан, Россия ҳукумати Тошкент режимини қўллаб-қувватлаб, унга салбий баҳо берилишини истамайди”, - дейди А.Медла.

БМТ доирасидаги тадбирларни ëритиб борувчи мустақил журналист Ян Уилямс Женевада ўтаëтган бу каби тадбирлардан мақсад инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларни бажармаган мамлакатлар “номини тилга олиш ҳамда уларни уялтириш” эканини айтади.

“Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти Женевада тилга олинишга арзигулик даражада. Бундан ташқари, Ўзбекистон ислом республикаси эмас. Чунки бундай йиғилишларда исломий республикалар бир-бирини ҳимоя қилади. Шунинг учун бу ерда тилга олинадиган гапларнинг Ўзбекистон дипломатиясига таъсири салбий бўлиши сир эмас”, - деди Ян Уилямс.

Кенгаш йиғилишига Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг муҳожиратдаги раиси Толиб Ëқубов ҳам таклиф этилган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг тадбирда қатнашиш-қатнашмаслиги унинг виза олишига боғлиқ. Ҳозир ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳужжатлари Швейцария консуллик хизматига топширилган.

Ҳозирча Францияда яшаëтган Т.Ёқубов Женевадаги тадбирда иштирок этса, бир неча масалаларни кўтаришини маълум қилди.

“Сессияда БМТнинг Ўзбекистон бўйича махсус эксперти мандатини чўздириш ëки тугатиш масаласи ҳам ўртага қўйилади. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати бу эксперт тайинланганидан кейин унинг мамлакатга бориб ишлашига йўл қўймади. Бундан ташқари, Андижон воқеаларидан сўнг мамлакатда кўплаб ноҳукумат ташкилотлар ëпилгани, инсон ҳуқуқлари фаолларининг қамалиши, уларнинг тазйиққа учраши, қолаверса, умумий вазият оғирлашиб бораëтгани ҳақида маърузалар қилишни режалаштиряпман”, - деди Т.Ëқубов.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссияси сўнгги йилларда олиб бораëтган фаолияти учун инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан танқидга учрагач, кенгашга айлантирилган эди. Кенгашнинг июнь ойида бўлиб ўтган дастлабки йиғилишида, асосан, унинг низоми муҳокама қилинганди.

Кенгашнинг Женевада шу кунларда ўтаётган биринчи амалий йиғилиши бошланишидан олдин айрим кузатувчилар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга етарлича эътибор берилмаëтганини таъкидлаëтган эди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиë бўйича дастури директори Вероника Голдстон бунинг сабабини БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг кенгашга айлантирилгани ва мазкур идорадаги аксарият кадрларнинг ўрнига янгилари келганида, деб тушунади.

“Комиссия кенгашга айлантирилгандан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида тўлиқ ҳисобот чиқмади. Қийноққа солинишлар, ўзгача фикрловчиларнинг тазйиқларга учраши қораланмади. Янги тузилган институт эса илгаригига қараганда самарали фаолият кўрсатади ва дунëдаги вазиятларни яқиндан ўрганиб боради, деган умиддамиз”, - деди В.Голдстон.

Янги кенгаш БМТда бошланган ислоҳотларнинг асосий қисми бўлиб, унинг муваффақиятли иши бутун ташкилот ишончининг синовидек кўрилмоқда.

Кенгашнинг бу галги йиғилишида террорга қарши курашдан тортиб, Дарфур ва Шри-Ланкадаги бўҳронни ҳал этиш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG