Линклар

logo-print

Венргияда норозилик намойишлар давом этмоқда

  • Ҳасанжон

Венгриянинг Будапешт шаҳрида норозилик намойишлари давом этмоқда. Мухолифат амалдаги бош вазир Ференц Дюрчан мамлакат эришган иқтисодий ютуқлар ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани учун истеъфога чиқишини талаб қилмоқда.

Аввалги кунлардагидан фарқли ўлароқ, чоршанба кечқурун ва пайшанба куни эрталаб парламент биноси олдида ўтказилган намойишда зўравонликлар юз бермади. Бош вазир истеъфосини талаб қилаётган мухолифат тарафдорлари парламент биноси олдида узоқ муддат қолиш мақсадида чодирлар ўрнатди.

Венгрия парламенти биноси олдида чоршанба куни тунда сурункасига учинчи кун норозилик намойиши бўлди. Вазиятни назорат қилган полиция кучлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизадиган газ ишлатди.

Сўнгги кунлардаги намойишлар 1956 йилда Венгрияда амалга оширилган қўзғалондан кейин содир бўлаётган энг мудҳиш намойишлар экани айтилмоқда. Бу норозилик намойишлари апрель ойида ўтказилган сайловда ғолиб чиқиш учун бош вазир Ференц Дюрчан мамлакатда қўлга киритилган иқтисодий ютуқлар ҳақида ёлғон гапирганини тан олгани ҳақидаги маълумот ОАВ орқали оммага ошкор қилингандан сўнг бошланган эди.

Венгрияда бундай тартибсизликлар рўй бераётганидан ҳамма хайрон. Чунки шу пайтгача кўпчилик Венгрияга коммунистик режимдан демократик жамиятга ўтишда намуна сифатида қарар эди.

Кузатувчилар фикрича, Будапештдаги воқеалар Украина, Грузия ёки Қирғизистонда амалга оширилган инқилоблардан тубдан фарқ қилади. Чунки улардан фарқли ўлароқ, Венгрияда демократик ташкилотлар аллақачон пайдо бўлган.

Кестер Эдди Будапештда инглиз тилида чиқадиган “Budapest Sun” газетаси мухбиридир. Унинг фикрича, Венгриядаги бўҳрон ва икки йил олдин Украинада рўй берган “зарғалдоқ инқилоб” ўртасида сунъий ўхшашлик бор.

“Тарихий ва ҳозирги вазият ўртасида жуда кўп ўхшашлик - сохта ўхшашликлар бор. Менимча, Украина икки йил олдин демократик давлат эмасди. Бу фикрга кўп таҳлилчилар қўшилади. “Зарғалдоқ инқилоб” пайтида намойишчилар ҳукуматдан жуда норози эди. Будапештдаги вазият Украинадагидан тубдан фарқ қилади”, – дейди К.Эдди.

Собиқ социалистик давлатлар орасида энг етакчиларидан ҳисобланган Венгрия ҳамда Шарқий ва Марказий Европанинг ўнга яқин давлати 2004 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлган эди. ЕИнинг баъзи расмийлари собиқ социалистик давлатлар иттифоққа аъзо бўлиш учун пухта тайёргарлик кўриши кераклигини айтиб, унинг тез кенгайишига қаршилик қилмоқда.

Лондондаги Европа ислоҳотлар маркази таҳлилчиси Катинка Бариш Венгрияда нималар содир бўлаётганини ҳозир англаш қийин экани, фуқароларнинг Будапешт ҳукуматидан ҳафсаласи пир бўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Унинг таъкидлашича, Венгриядаги сўнгги воқеалар ЕИ кенгайишига қарши бўлган расмийлар манфаатига хизмат қилиши мумкин.

“Венгриядаги воқеалар ЕИга янги аъзолар қабул қилиш борасида қизғин тортишувлар бўлаётган нозик пайтга тўғри келди. Ҳозир Болгариянинг иттифоққа қўшилишга тайёр ёки тайёр эмаслиги, Ғарбий Болқон давлатларини барча муаммолар билан ЕИга қўшиш ёки қўшмаслик, Европа давлатларидан анча ортда қолган Туркиянинг ҳам иттифоққа аъзо бўлиши ёки бўлмаслиги борасида мубоҳасалар бораётган пайтда Венгрияда шундай воқеалар рўй берди”, – дейди британиялик таҳлилчи.

К.Бариш фикрича, энг хавфлиси, 25 давлат аъзо бўлган ЕИнинг айрим расмийлари Венгриядаги воқеаларни рўкач қилиб, иттифоққа аъзо бўладиган давлатлар учун тайёргарлик муддати бир неча йилга узайтирилишини талаб қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG