Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Адвокат судьяга чора кўрилишини сўраяпти


Шу ҳафта бошида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри жиноят ишлари суди томонидан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган таниқли имом Руҳиддин Фахруддиновнинг адвокатларидан бири Рустам Тўлаганов судья устидан шикоят қилди.

Адвокат ўз ҳимоясидаги шахс устидан унинг иштирокисиз ҳукм ўқиб судья Жамшид Сайдалиев Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг бир неча моддасини бузганини таъкидлаб, Олий суд ва Бош прокурорга бу каби қонунбузарликлар учун судьяга нисбатан чора кўришни сўраб шикоят аризаси йўллади.

Чирчиқда ўтган судда Р.Фахруддиновнинг асосий ҳимоячиси бўлган Ирина Микулинанинг билдиришича, иккинчи адвокат Р.Тўлаганов суд жараёни ҳақида огоҳлантирилмаган.

“Судланувчи суд жараëнида қанча истаса, шунча адвокатга эга бўлиши мумкин. Ҳимоячилар сони чекланмаган. Суд эса адвокатларни ўз вақтида хабардор қилиб, суд қачон ва қаерда ўтишини олдидан айтиши керак эди”, - дейди И.Микулина.

И.Микулина аслида ўзи ҳам суд ҳақида расман огоҳлантирилмаганини билдирди.

“Биласизми, менга ҳам айтишмади. Ўзим ҳар куни судъя олдига бориб, суд қачон бошланишини сўрар эдим. Суд жараёнида Р.Фахруддинов билан суҳбатлашганимда у давлат томонидан унга адвокат берилганини, аммо унинг хизматидан бош тортганини айтди”, - деди И.Микулина.

Унинг таъкидлашича, Р.Фахруддинов устидан кечган жараëнни суд, деб бўлмайди. Чунки унга судланувчининг на ота-онаси ва яқинлари, на ҳуқуқ ҳимоячилари киритилмаган. Суд жараëни ëпиқ, деб эълон қилинган.

“Ëпиқ суд эса фақатгина икки ҳолатда ўтказилади. Яъни агар судланувчи жинсий жиноятга қўлга урган ëки давлат сирини фош этган бўлса. Ваҳоланки, Р.Фахруддинов устидан кечган судда фақатгина тезкор гуруҳ ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари қатнашди. 75 ëшга тўлган отаси ҳам, онаси ва ака-ука, опа-сингиллари ҳам залга қўйилмади”, - деди адвокат.

Р.Фахруддиновнинг отаси Фазлиддин Хўжа ҳам И.Микулинанинг гапларини тасдиқлайди.

“Суд ва унинг атрофидаги жараëннинг ўзи бизни жуда тушкунликка туширди. Аввал суд 21 июлга тайинланди. Шу куни биз ҳаммамиз – Руҳиддиннинг оила аъзолари, қариндошлари, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари йиғилиб бордик. Суд эса номаълум муддатга қолдирилди. Охир-оқибат, 12 сентябрда суд иши Чирчиқда кўрилиши ҳақида хабар келди. Уни ҳам бизга суд ходимлари эмас, бошқа бир киши айтди. Борсак бизни қўйишмади. Минг илтимос қилсам ҳам бизни киритишмади”, - дейди Фазлиддин Хўжа.

Судланувчининг отаси кейинчалик судъя Жамшид Сайдалиевга мактуб йўллагани ва ундан мактубда исмлари келтирилган одамлар суд залига киритилишини сўраганини айтди.

“У шу даражада масъулиятсиз одам экан. Мен бундай юристни биринчи марта кўришим. У ҳақиқий юрист бўлса, бизнинг саволимизга жавоб берар эди. Менинг ўғлим айбдор бўлганида ҳам суд ëпиқ эшиклар ортида ўтмаган бўларди”, - дейди Фазлиддин Хўжа.

Эслатиб ўтамиз, Р.Фахруддиновга террорчилик ва диний экстремизм билан боғлиқ айбловлар қўйилган. У ўтган йили Қозоғистон жанубида ушланиб, Тошкентга топширилган эди.
XS
SM
MD
LG