Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:18

"Coscom" устидан суд кейинги ҳафтага қолдирилди


Ўзбекистон хўжалик суди солиқ идораларининг “Coscom” Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси устидан солиқ тўламаганлик бўйича берган шикоятини кўриб чиқишни келаси жумага қолдирди.

Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистонда йириклиги жиҳатдан учинчи ўринда турадиган “Coscom” ширкатини давлатга 23 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқ тўламаганлик ва маҳаллий қонунчиликни бузганликда айбламоқда. Шунингдек, “Coscom”га Ўзбекистон Марказий банки билан келишмай хориж банкларидан бирида ҳисоб рақами очиш ва шу йўл билан даромадларни яшириш айби ҳам юкланмоқда.

Аммо “Coscom” ширкатининг ҳуқуқий масалалар бўйича директори Лола Носирова солиқ идораларининг даъволари асоссиз эканини, суднинг кечиктирилиши ҳам буни тасдиқлашини таъкидлади.

“Ҳаммаси, нима десак бўлади, ўлда-жўлда. Чунки солиқ қўмитаси бу борада бошқа аргумент келтира олмаяпти. Биз солиқларни яширмаганмиз. Биз мамлакат ташқарисида кўрган даромадимиз бўйича солиқларни ўз вақтида тўлаганмиз ва бу солиқ инспекцияси ҳужжатларида ҳам қайд этилган”, - деди Л.Носирова.

Унинг билдиришича, солиқ идораларининг даъвоси ширкатнинг халқаро автоматик роуминг хизматига таалуқлидир. “Coscom” дунёнинг кўпгина давлатларида шундай хизматни йўлга қўйган ва бунда “Сайбернет” хизматидан фойдаланади. “Сайбернет” эса Лондонда жойлашган. Ширкатга “Сайбернет”да ноқонуний банк ҳисоби очиш айби қўйилмоқда.

“Биз солиқларни ўз вақтида тўлаймиз. Катта ширкатнинг солиқ тўламаслиги кулгили. Бизда доим аудит текширувлари ўтказилади. Йилнинг ҳар чорагида солиқ тўлаймиз ва солиқ тўлашдан ҳеч қачон бўйин товламаганмиз. Буни солиқчилар ҳам тан олмоқда”, - деди Л.Носирова.

“Coscom” мобил алоқа ширкати Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юритади. Бу компания Американинг MCT корпорацияси (85 фоиз акция эгаси), Ўзбекистоннинг “Ўзбеккоинот” ҳамда “Давр-Конверсия” ширкатлари ҳамкорлигида очилган.

Бундан бир неча ой аввал Ўзбекистон солиқ идоралари Америка капитали иштирокида тузилган бошқа бир йирик корхона – “Зарафшон-Ньюмонт”ни давлатга 40 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқ тўламаганликда айблаганди.

“Coscom” вакиласи Лола Носиров солиқ идоларининг даъволарини сиёсат билан боғлиқ эмас, деб билади.

“Бизда Америка бизнесига муносабат бинойидек. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳозиргидан илиқ бўлган пайтларда ҳам биз солиқ идоралари билан судлашганмиз ва жараёнларни ютганмиз. Ҳозир англашилмовчилик шундан иборатки, биз халқаро меъёрлар асосида фаолият юритамиз. Солиқ идоралари эса аллақандай қонуности ҳужжатлару инструкциялар асосида ишлайди. Биз суд жараёнида ҳам халқаро меъёрларга устиворлик берилиши керак, деб ҳисоблаймиз", - деди Л.Носирова.

Ўзбекистонда GSM стандартида хизмат кўрсатаётган “Coscom” мижозлари сони жорий йилнинг сўнгги олти ойи ичида икки баравар ортган. 2006 йилнинг январига қадар ширкат 146 минг абонентга эга бўлган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 320 мингдан ошиқдир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда “Coscom”дан ташқари тўртта мобил телефон алоқаси оператори мавжуд. Булар “Ўздунробита” ўрнида ташкил топган Россиянинг “МТС-Ўзбекистон”, Россиянинг “Вимпелком” ширкатига тегишли “Юнител” ҳамда “Перфектум мобайл” ва “Ўзбектелекоммобайл" операторларидир.
XS
SM
MD
LG