Линклар

logo-print

АҚШ президенти республикачиларнинг қўллаб-қувватлашига эришди

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Жорж Буш ўзи етакчилик қилаётган Республикачилар партиясидаги депутатларни Оқ уй ишлаб чиққан “Террорчиликка алоқадорликда гумон қилинган шахсларни тергов ва суд қилиш тартиби тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси атрофида бирлаштирди.

Тергов пайтида баъзи сўроқ усуллари қўллашни тақиқлаган таклифлар Марказий разведка бошқармасига гумонланаётган шахсларни сўроқ қилишни давом эттиришга ҳамда ҳарбий трибуналдан фойдаланишга рухсат беради.

“Терроризмга алоқадорликда гумон қилинган шахсларни тергов ва суд қилиш тўғрисида”ги аввал таклиф қилинган қонун лойиҳаси халқаро келишувларга мос бўлмагани учун Республикачилар партияси аъзолари орасида бўлиниш юзага келган эди. Қайта ишлаб чиқилгандан сўнг иккинчи маротаба тақдим этилган ҳужжат борасида республикачилар 21 сентябрь куни келишувга эриша олди.

Партия раҳбарларидан бири сенатор Жон МакКейн эришилган келишув АҚШнинг Женева конвенцияларига тўлиқ риоя қилишини таъминлашини айтди.

“Женева конвенцияларининг дахлсизлиги, тўғри маъноси ва руҳи сақланиб қолганига асло шубҳа йўқ”, – деди сенатор.

Шимолий Вьетнамда беш йил уруш асирлигини бошдан кечирган сенатор Жон МакКейн қайта ишланган ҳужжат Вашингтон расмийларининг террорчиларни тўлиқ таъқиб қилишига халақит бермаслигини билдирди.

“Биз эришган келишув президент Бушга терроризмга қарши урушни давом эттириш ҳамда ўша қабиҳ одамларни адолатли суд олдига олиб келишда керак бўлган ваколатларни беради”, - деди Жон МакКейн.

Келишувга мувофиқ, Конгресс терроризмга алоқадорликда гумонланган шахсларни сўроқ қилиш тартибини аниқ белгилаб беради ва мамлакат қонунларининг Женева конвенцияларига уйғунлигини таъминлайди.

Келишувда терроризмга алоқадорликда гумон қилинган шахсларни жавобгарликка тортиш масаласига ҳам ойдинлик киритилган ва махсус ҳарбий судлар ишини қайта тиклашга ҳам рухсат этилган.

Конгресс аъзоларининг аксарияти ноябрь ойига белгиланган сайловга тайёргарлик кўриш учун келаси ойдан Вашингтонни тарк этади. Шу боис, Оқ уй маъмурияти янги таклифлар шу ой охиригача Конгресс муҳокамасидан ўтишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG