Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Париж учрашуви


23 сентябрь куни Париж яқинидаги Компьен шаҳрида Россия президенти Владимир Путин, Франция президенти Жак Ширак ва Германия канцлери Ангела Меркел ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди.

Унда муҳим халқаро муаммолар, жумладан, Эроннинг мунозарали ядровий дастури масаласи ҳам кўтарилди. Шунингдек, улар Европа Иттифоқини ташвишга солаётган энергетика хавфсизлиги ва Россиянинг янги иқтисодий сиёсати масаласини ҳам муҳокама қилди.

Россия раҳбари 22 сентябрь куни Парижга келгандан сўнг Франция президенти Жак Ширак билан икки томонлама алоқалар ва бошқа масалалар хусусида музокара олиб борди. 23 сентябрь куни В.Путин Россия ва Франция транспорт ва авиация соҳаларига оид қиймати 10 миллиард долларлик шартномалар имзолаганини маълум қилди.

Шанба куни сўзлашувга Германия канцлери А.Меркел ҳам қўшилди. Расмийлар уч давлат раҳбарлари мулоқоти чоғида муҳим халқаро масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилганини билдирди.

Музокарадан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида В.Путин сўзлашувлар фойдали бўлганини айтди.

“Яна бир марта таъкидлайман, мана шундай доимий фикр алмашиш нафақат бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз, балки ҳозирги халқаро таҳдид ва чақириқларга қарши зудлик билан чора кўришимизда ҳам ёрдам беради”, - деди Россия раҳбари.

Матбуот анжуманида гапирган Франция президенти Жак Ширак бир неча ойдан бери халқаро майдонда асосий муаммога айланган Эроннинг ядровий дастури ҳақида: “Шуни айтмоқчиманки, бу вазиятда биз муаммони сўзлашув орқали ҳал қилиш йўлини топишимиз керак. Чунки мулоқот муаммоларни ҳал қилишнинг энг яхши йўлидир. Мен табиатан оптимист бўлганим учун олти давлат ва Эрон, шунингдек, Ҳавьер Солана ва Али Ларижоний ўртасидаги сўзлашувларда бу масала ижобий ҳал этилишидан умидворман”, – деди.

В.Путин уч давлат раҳбарлари мулоқоти чоғида авиация, фазо тадқиқотлари, инфратузилма яратиш лойиҳалари муҳокама қилинганини маълум қилди. Унинг айтишича, халқаро муаммолар хусусида уч давлат раҳбарлари фикри бир-бирига яқин бўлган.

“Ташқи сиёсий муаммолар борасида ҳам қарашларимиз бир-бирига ўхшашлигини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим. Биз Яқин Шарқ, жумладан, Ливандаги вазият ҳам адолатли ҳал этилишини қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқладик”, – деди В.Путин.
XS
SM
MD
LG