Линклар

logo-print

"Newmont"нинг Ўзбекистондаги тақдири ҳал бўладиган


"Озодлик" Ўзбекистон Олий хўжалик суди Навоий вилояти судининг “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидан 2002-2004 йилларда тўланмай қолган 36 миллион доллар миқдордаги солиқни ундириш тўғрисидаги қарорини ўз кучида қолдирди.

Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси адвокати Александр Воронин “Интерфакс” ахборот агентлигига берган интервюсида суднинг бу қарори асоссиз эканини таъкидлади. Унинг айтишича, қўшма корхона шу вақтгача қонун доирасида фаолият олиб борган. Аммо Ўзбекистон ҳукумати унинг фаолиятини тўхтатишга қарор қилган бўлса, унда қонуний қарор қабул қилиши керак.

Олий хўжалик судидан бу ҳақда бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади. Суд девонхонаси ходими: “Бу иш билан бўлим эмас, балки судлов таркиби шуғулланади. Ижрочи кимлиги айтилмайди. Бу сир сақланади. Бу тартиб. Буни ўзгартириб бўлмайди. Очиқ суд бўлса, марҳамат, келиб қатнашишингиз мумкин”, - дейиш билан чекланди.

Навоий вилояти хўжалик суди ходими эса “Зарафшон-Newmont” иши бўйича шуғулланган судъя Худойбердиевнинг касаллиги туфайли таътилда эканини айтди.

Адвокат А.Воронин “Интерфакс”га берган интервьюсида солиқ тўлаш талаби билан қўшма корхона устидан кечаëтган “судни ноқонуний ва унга қўйилаëтган айбловларни асоссиз билишини, бу “Зарафшон-Newmont”га берилган 12 йиллик солиқ имтиëзлари ҳақидаги келишувга зид” эканини билдирди.

Шу йилнинг 17 мартида “Newmont” вакиллари Ўзбекистон расмийлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Зарафшон-Newmont” қўшма корхонасининг самарали фаолияти ҳамда ширкатнинг ҳукумат томонидан кафолатланиши тўғрисида”ги 151-қарори кўриб чиқилиши ëки умуман бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилган ва ушбу имтиëз кейинчалик бекор қилинган эди.

АҚШ Давлат котиби ëрдамчиси Ричард Баучер Ўзбекистонга келганда ҳукуматнинг “Зарафшон-Newmont”га нисбатан муносабати компаниянинг Ўзбекистонни тарк этишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди. Унинг ташрифидан аввал эса Ўзбекистон ҳукумати “Зарафшон-Newmont” қўшма корхонасининг маълум миқдордаги тилласи ва бошқа мулкини гаровга олган эди.

АҚШ сармоядорига нисбатан бундай кескин чора ширкатга июнь ойида суд орқали юклатилган қўшимча қарийб 50 миллион АҚШ доллар миқдоридаги қарзни тўлай олмаётгани билан боғлиқлиги маълум қилинди. Бундай босимга дуч келган компания расмийлари тегишли идораларга мурожаат қилишини билдирганди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Носир сиëсат иқтисоддан устун бўлган мамлакатда “Зарафшон-Newmont”ни ëпиш ҳақида тепадан буйруқ тушгани ва эртами-кечми унинг ëпилиши аниқлигини айтади.

“Ҳозир ҳукумат олиб бораëтган сиëсатда Америка ва Ғарбга қарашли компанияларни ëпишга қаратилган йўналиш мавжуд. “Зарафшон – Newmont” фойда келтиряпти ëки йўқми, барибир завод иши тўхтатилади. Ҳозир Осиë давлатларнинг Ўзбекистонга қизиқиши кундан-кунга кучайиб бораëтган бир пайтда, айтайлик, Тошкентга келган Жанубий Корея бош вазирининг Ўзбекистон раҳбари билан бўлиб ўтадиган учрашувида “Зарафшон-Newmont” масаласига ҳам тўхтаб ўтилса керак”, - дейди иқтисодчи.

Ҳозир “Зарафшон – Newmont” Ўзбекистондан тилла экспорт қилишни тўхтатган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам компаниянинг 14 миллион АҚШ доллари миқдордаги маблағини музлатишга мажбур бўлган.

Август ойининг бошида Ўзбекистон ҳукумати “Зарафшон-Newmont”ни банкрот, деб эълон қилиш жараёнини бошлаган эди.

1992 йил 16 январда Американинг “Newmont Mining” корпорацияси, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати ўртасида чиқиндилардан олтин ажратиб олиш ва “Зарафшон-Newmont” қўшма корхонаси тузиш ҳақида келишувга эришилган ва ширкат 1995 йилда ишга тушган эди.
XS
SM
MD
LG