Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:19

Жамшид Каримов оиласи ташқи дунёдан иҳоталанди


Ҳалигача қаердалиги номаълум қолаётган жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовнинг оиласи телефон алоқасидан маҳрум қилинган ва ташқи дунёдан узиб қўйилган.

Журналистнинг онаси Маргарита Каримова “Озодлик” радиосига интервью бергани учун маҳаллий алоқа линияси ҳамда халқаро кирувчи ва чиқувчи линиядан маҳрум қилингани тўғрисида унинг қўшнилари “Uznews.net” мухбирига маълум қилган.

Бундан аввалроқ М.Каримова “Озодлик” билан суҳбатда Тошкентга тўғридан-тўғри чиқувчи линиядан маҳрум қилингани, фақат “4” рақами билан бошланувчи маҳаллий линия ишлаётганини айтган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни, Жиззаҳдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳақидаги мақолалари билан танилган мустақил журналист Ж.Каримов 12 сентябрь куни уйидан чиққанича ҳали ҳам қайтиб келгани йўқ. Унинг қаердалиги ҳақида ўзбек расмийлари ҳам ҳеч нарса айтмаяпти.

Ўтган жума куни “Фарғона.ру” агентлиги ишончли манбага таяниб, изсиз йўқолган журналист зўрлик билан номаълум тиббий муассасага жойлаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатган эди.

Ж.Каримов руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган бўлиши мумкинлигини унинг швециялик журналистга июнь ойида ёзган хати ҳам тасдиқлайди.

Стокгольм шаҳрида истиқомат қилувчи, Марказий Осиё ва Россияга оид мавзуларни ёритадиган журналист Елин Йонсонга ёзган ўша мактубида Ж.Каримов Жиззахда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларга тазйиқлар кун сайин кучайиб бораётгани, 1 сентябрь - Мустақилллик кунига қадар дастлаб жиззахлик ҳамкасби Улуғбек Ҳайдаров ҳибсга олиниши, ўзи эса руҳий касалликлар шифохонасига тиқилиши мумкинлигини билдирган ва швециялик журналистдан хориждан бошпана олишга ёрдам сўраган эди.

Елин Йонсон Жамшиднинг бу мактубини “Uznews.net” сайтида эълон қилдирди.

“Улар менга ёзган мактубида хавф кун сайин кучайиб бораётгани, ҳукумат Жиззаҳда қолган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларга нисбатан қаттиққўллик билан босимларни кучайтираётганини билдирди. Шунингдек, ишончли манбадан олган маълумотларга асосланиб, айнан У.Ҳайдаров қамалиши, Ж.Каримов эса жиннихонага тиқилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди”, - дейди Елин Йонсон.

Ҳақиқаттан ҳам Ж.Каримов йўқолиб қолишидан икки кун ўтиб, жиззахлик мустақил журналист У.Ҳайдаров товламачиликда айбланиб ҳибсга олинди. 14 сентябрь куни жиззахлик бир аёл У.Ҳайдаров автобус бекатида турган пайт унинг чўнтагига 400 доллар миқдорида пул ташлаб, дарҳол қочиб кетганидан бир неча сония ўтибоқ журналист қўлга олинди.

Ўтган шанба куни рафиқаси Мунира У.Ҳайдаров билан учрашишга муваффақ бўлди. У эрининг озиб кетгани, ҳам жисмонан, ҳам руҳан қийналганини пайқаган, аммо журналист қамоқхонада у билан қандай муносабатда бўлингани ҳақида ҳеч нарса гапирмаган.

“Кўришиб, овқат-повқат бериб келдим. Озгина - беш минут гаплашдим. Аҳволи унча яхши эмас. Юзлари шилқираб, оғзи гапирса қийшайиб кетяпти. Нима бўлса бўлди, хабар олиб туринглар, деди”, - дейди Мунира.

Укасининг аҳволини эшитиб опаси Нортожи Ҳайдарова у билан учрашишга рухсат берилишини талаб этмоқда.

“Менга рухсат беришмаяпти. Кеча сарсон бўлдим. Бугун эрталаб кетганман, қўлимда терговчининг рухсатномаси бор, тергов тугади, шаҳар милицияси бошлиғи киритмаяпти. Қоровул эшикнинг яқинига йўлатмайди”, - дейди Н.Ҳайдарова.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда ўзгача фикрловчилар ва мустақил журналистларга нисбатан ҳукумат қатағонлари кучайди. Натижада ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар мамлакатни ташлаб, ўзга юртларга кетишга мажбур бўлди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси жиззахлик журналистлар тақдири юзасидан хавотир билдириб тарқатган баёнотларида Ўзбекистонда мустақил журналистларнинг таъқиб этилиши бу мамлакат эркин журналистлар учун хавфли маконга айланганининг яна бир белгиси эканини айтган эди.
XS
SM
MD
LG