Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

"Билайн" Фарғонани "забт этиш"га киришди


Россиянинг “Вимпелком” ширкатига тегишли “Билайн” мобил алоқа оператори Фарғонада хизмат кўрсатиш бўлимини очди. Жорий йилда “Вимпелком” Ўзбекистондаги “Юнител” компаниясини сотиб олган эди.

Шундан сўнг “Вимпелком” Ўзбекистонда “Билайн” савдо белгиси остида хизмат кўрсатишни кенгайтира бошлади. Шу пайтгача “Билайн” фақат Тошкентда офисга эга эди.

“Билайн”нинг минтақавий бўлимлари раҳбари Артём Минаевнинг билдиришича, келажакда бу ширкат Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам бўлимларини очмоқчи.

“Ҳозир Фарғонада бўлимимизни очдик. Келажакда Андижон ва Наманганда ҳам шундай бўлимларимизни очиш режамиз бор”, - деди А.Минаев.

Фарғона водийси Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич минтақаси ҳисобланади. Айни пайтда “Билайн” оператори Фарғона вилоятида мижозлар сони бўйича рақиблари орасида етакчилик қилмоқда.

“Биз бу ерда бошқа операторлар орасида мижозлар сони бўйича етакчилик қилмоқдамиз. Шу боис, савдо ва хизмат кўрсатиш офисимизни Фарғона вилоятида очишга қарор қилдик”, - деди А.Минаев.

А.Минаев ҳозир Ўзбекистонда “Билайн” мижозлари сони ярим миллионга яқинлашиб қолганини маълум қилди.

Ҳозир Ўзбекистонда, асосан, бешта мобил телефон оператори мавжуд. Булар “Ўздунробита” ўрнида ташкил топган Россиянинг МТС, “Вимпелком”га қарашли “Билайн”, “Перфектум мобайл”, “Ўзбектелекоммобайл” ва “Коском” операторларидир.

Россия мобил телефон компаниялари Ўзбекистонда мустаҳкамроқ ўрнашаётган айни пайтда Америка сармояси асосида фаолият юритиб келаётган “Коском” оператори ўтган ҳафта ҳукумат нишонига тушди. Солиқ идоралари “Коском”ни 23 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқни яшириш ва Марказий банк билан бемаслаҳат хорижда банк ҳисоб рақами очишда айблаб, хўжалик судига арз қилди. Хўжалик суди бу ишни кўриб чиқишни келаётган жумага қолдирган. “Коском” раҳбарияти солиқ идораларининг даъвоси “асоссиз” эканини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG