Линклар

logo-print

Расмийлар чегарада муаммо йўқлигини айтади, аммо аҳоли...

  • Барно Анвар

Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси чегара демаркацияси масалаларини муҳокама қилмоқда. 29 сентябргача давом этадиган бу музокараларда кўриладиган асосий масала 2006 йилнинг ёзида қилинган ишлар якунини чиқариш ва бундан кейинги режаларни келишиб олиш экани айтилмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ержон Ошиқбоевнинг “Озодлик” радиосига айтишича, ҳозир икки давлат чегарасида демаркация жараёнига оид ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳамма масалаларда келишувга эришиб бўлинган.

“Қозоғистон томони ўзига тегишли ишнинг 96 фоизини бажариб бўлди. Яъни 700 га яқин чегара устуни ўрнатилди. Ўртада мавжуд 2300 километрдан ортиқ чегарадан фақат 300 километр қолди. Бу демаркация учун оғир саналган Орол денгизининг қуриган қисми ва Возрождение ороли ҳудудидир. Ҳукумат комиссиялари йиғилишида ана шу ҳудудга оид кейинги ишлар келишиб олинади. Бироқ, таъкидлашим жоиз, томонлар ўртасида демаркацияга оид ҳеч қандай баҳсли масала қолгани йўқ, ҳаммаси ҳал қилинган”, - деди Е.Ошиқбоев.

Ўзбекистон расмийларидан эса бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади, бироқ қозоқ томони таъкидича, уларнинг ҳам эътирози йўқ кўринади.

Аммо ҳукуматлар доирасида ҳал бўлгани айтилаётган бу масала чегара олди ҳудудида яшаётган аҳоли ҳаётида қандай сезиляпти, деган савол туғилади.

Ўзбекистоннинг Тошкент тумани ва Қозоғистоннинг унга туташган Сариоғоч туманида чегара чизиғи устига тушиб қолган аҳоли пунктлари бўлиб, улар оралаб ўтадиган чегара узунлиги 8 километрга яқиндир.

Қозоғистонда яшаб Ўзбекистон мактабига қатнаётган ўзбек ва Ўзбекистонда туриб, Қозоғистондаги мактабга қатнаётган қозоқ ўқувчилари бор. Қолаверса, Қозоғистоннинг 8 та овули аҳолиси Ўзбекистондан тоза ичимлик сув ташиб ичади, Ўзбекистон томони электр энергия таъминотидан фойдаланади.

Энг муҳими, чегара ҳудудидан белгиланган масофага кўчирилиши лозим оилалар мавжуд эди. Уларни кўчириш ишлари ва умуман, демаркация билан боғлиқ жараён борасида, одатдагидек, Ўзбекистон расмийларидан ҳеч бир ахборот олишнинг имкони бўлмади.

Шунинг учун бу борада чегара яқинида яшовчиларнинг ўзларидан маълумот олиш маъқул кўринди. Тошкент туманининг Сариоғоч тумани билан чегарасида яшовчи фуқаро Улуғбек Усмонов айнан қозоғистонликлар келиб ичимлик сув олиб кетадиган маҳаллада яшайди.

“Маҳалламизнинг бошида тоза сув йиғиладиган иншоот бор. Қозоғистонликлар ўша ердан сув олиб кетади. Шунинг устида ҳам бир неча марта можаро бўлди. Аскарлар сув олгани аравада келган болаларни уриб, қувиб, кейин чегарачилар ўртасида жанжал кўтарилиб кетган вақтлар бўлди. Лекин ҳозир Қозоғистон ҳукумати ўзининг фуқаролари устида қаттиқ қайғуряпти. Яқиндан бошлаб сувга ҳам келишмайди, чунки улар яшаётган жойга сув олиб келиняпти. Электр токини ҳам олмай қўйишди, ўзларида бор ҳозир”, - дейди У.Усмонов.

“Ҳозирга келиб, бизга қўшни яшаётган аксар қозоқ оилалари ҳам Қозоғистонга кўчиб кетиб бўлди, - сўзида давом этди У.Усмонов. - Уларга ҳукумати яхшигина пул берди. Кўчиши, уй-жой қуриши ва йўлкираси учун каттагина пул берди. Бу ерда қолганлари ҳам кўчиб кетмоқчи. Бизникилар эса 4 минг доллар атрофида пул берди. Бу битта уйнинг пойдеворига етади, холос. Ҳозир чегара чизиғидан кўчирилган ўзбек оилалари бузилган беш хона уйи ўрнига икки хонани аранг тикка қиляпти”.

У.Усмоновнинг билдиришича, чегара чизиғига тушиб, тинчи бузилганлар орасида Қозоғистонга кўчиб ўтишни истовчилар талайгина, аммо Ўзбекистонга кўчиб келишни истовчилар деярли йўқ. Чунки Қозоғистон ўз фуқаролари ҳимоясига қаттиқ киришган.

Қозоғистон парламентининг халқаро масалалар қўмитаси раиси Серик Абдураҳмоновнинг “Озодликка” айтишича, ўртадаги чегара масаласини аҳоли учун қулай тарзда ҳал қилишнинг максимум чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон томонда қолиб кетган қозоқ овулларини кўчириш, ичимлик сув, электр токи билан таъминлашни тезроқ якунлаш ҳаракати кетяпти. Тез орада улар Ўзбекистонга қатнаш муаммосидан қутулади, чегарадаги можаролар ҳам барҳам топади.

“Ўзбекистон ҳукумати билан эришилган келишувлар асосида аҳолини кўчириш ишлари якунига етиб қолаёзди. Бу борада муаммо йўқ. Аммо чегарада яшаётган аҳоли психологик жиҳатдан ҳали чегара тўсиқларига кўниккани йўқ. Аввалгидек ўтиб-қайтмоқчи бўлади. Шу боис ҳам чегарачилар ва аҳоли ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолмоқда. Аммо бу вақтинчалик ҳол”, - дейди С.Абдураҳмонов.

Шу ўринда қўшимча маълумот. 1999 йилдан буён чегарада 25 та келишмовчилик ҳолати расман қайд қилинган. Сўнгги 4 йил мобайнида ўзбек-қозоқ чегарасида Ўзбекистон чегарачилари томонидан 9 марта қурол ишлатилган, натижада Қоғистоннинг 6 фуқароси жароҳат олган ва бири ҳалок бўлган. Худди шу даврда қозоқ чегарачилари ўзбекистонликларга қарата 6 марта ўт узган, натижада уч киши яраланиб, бир киши оламдан ўтган.
XS
SM
MD
LG