Линклар

Махфий ҳужжатнинг ошкор бўлиши сайловга таъсир қилиши мумкин

  • Озодлик

“The New York Times” газетаси АҚШ хавфсизлик хизматлари мамлакат ҳарбийлари Ироққа бостириб киргандан сўнг террор хавфи янада кучайиб кетгани ҳақида хулосага келгани ҳақида тарқатган маълумот мамлакатда катта мунозарага сабаб бўлмоқда.

АҚШ Миллий разведка агентлигининг ҳисоботидан олингани айтилаётган бу хулосанинг матбуотида пайдо бўлгани Конгрессга олти ҳафтадан сўнг бошланажак сайловга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Ҳозирча газетада ҳисоботнинг тўлиқ матни эмас, балки ундан келиб чиқадиган асосий хулоса берилган. Хулоса эса ижобий эмас.

Газетада ёзилишича, ҳисоботда исломий радикализм кенгайиб бораëтгани ва янги террорчи гуруҳлар пайдо бўлишига олиб келаётгани таъкидланган. Ҳужжатда Ироқ уруши радикал ислом ғоясини келтириб чиқаришга сабаб сифатида келтирилган.
Аксарият демократлар ҳисоботда келтирилган маълумотлар тўғрилиги ва Ироқ уруши кўплаб фуқаролар ўлими ҳамда катта куч сарфланишига сабаб бўлганини айтмоқда.

Бундан келиб чиқадики, разведка маълумоти мамлакат президенти Жорж Бушнинг Ироқдаги уруш АҚШнинг келажакда террорчилик таҳдидларидан ҳимояланишига ҳисса қўшгани ҳақидаги таъкидига зиддир.

АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кроулей Ироқ уруши исломий радикаллар учун совға бўлган стратегик мағлубият эканини айтади.

“Исломий экстремистлар ҳозир янги ўқув машғулот майдонлари, тўпланадиган жойларга ва шу каби кўплаб нарсаларга эга. Ироқдаги уруш туфайли эса “Ал-Қоида”нинг кичик бир гуруҳдан глобал ҳаракатга айланганини кўрдик”, - дейди Кроулей.

Бироқ АҚШ миллий разведкаси раҳбари Жон Неграпонте матбуотда тарқатилган хабарлар ҳисоботнинг асл мазмунини йўқотганини таъкидлади.

“Матбуотда берилаëтган бу хабарлар ҳисобот ҳақида нотўғри таассуротлар келиб чиқишига туртки бўлди. Аслида ҳисобот АҚШнинг яқин 5 йил ичида террорга қарши олиб бориши лозим бўлган стратегиясини назарда тутади”, - деди Жон Неграпонте.

АҚШдаги “Heritage” жамғармаси ходими Жеймс Карафано кўпчилик кузатувчи ва сиëсатшуносларнинг ҳисоботни кўрмасдан у ҳақда оғизларига тўғри келганини гапиришига ақл бовар қилмаслигини билдирди.

“Бу энг даҳшатли ҳолат. Чунки бир гуруҳ одамлар махфий ҳужжат ҳақида ўз фикрларини ошкор этиб, нима қилиш ва нима қилмаслик кераклигини айтиб, буни ўзларича ҳал қилмоқда”, - дейди Ж.Карафано.
XS
SM
MD
LG