Линклар

Жазо психиатрияси – синалган усул

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг бедарак йўқолганига қарийб 2 ҳафта бўлган жияни, жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримов Самарқанд шаҳридаги махсус психиатрия шифохонасида сақланмоқда.

Бу ҳақдаги хабар “Uznews.net” сайтида пайдо бўлди.

Товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган жиззахлик яна бир мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаровга ҳам психотроп дорилар берилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида эса унинг опаси Нортожи Ҳайдарова “Озодлик”ка берган интервьюсида гапирди.

У укаси эси-ҳуши жойида эмасга ўхшаётганидан ташвиш билдирди ва унга қандайдир дорилар берилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Хўш, У.Ҳайдаровга ҳибсхонада психотроп дорилар берилишига ёки Ж.Каримовнинг психиатрия шифохонасига ётқизиб қўйилишига ишонса бўладими?

Жазо психиатрияси масаласи билан яқиндан шуғулланиб келаётган санкт-петербурглик мутахассис Роман Чёрний бу саволга: “Шубҳасиз, ишонса бўлади. Бундай тутум Россияда ва албатта, Ўрта Осиё мамлакатларида бор, бу совет давридан қолган мерос”, - дея жавоб қайтарди.

Унинг билдиришича, мухолифларни жазолаш, адабини, таъзирини бериб қўйиш мақсадида психиатрия ёрдамидан фойдаланиш, яъни одамни жинни, деб эълон қилиш, уни турли психотроп дорилар ёрдамида чиндан ҳам жиннига айлантириш Владимир Ленин давриданоқ бошланган, Сталин даврида кучайган, Хрушчев даврига келиб эса ўта кенг миқёс касб этган.

“Совет Иттифоқида социализмнинг чин душманлари эмас, балки руҳий касаллар бордир, деган эди Никита Хрушчев”, - эслайди Роман Чёрний.

Хўш, оддий бир фуқарони руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилишдан сақлайдиган қандайдир халқаро меъёрий ҳужжатлар борми?

Р.Чёрний бундай ҳужжатлар қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни тилга олди. Мазкур ҳужжатларнинг биринчиси юридик кучга эга бўлмаса-да, иккинчиси бундай кучга эгадир ва Ўзбекистон бу ҳужжатни имзолаган.

Демак, Ўзбекистон бу ҳужжатда белгилаб қўйилган меъёрларга оғишмай амал қилиши лозим. Агар одам психиатрик шифохонага ётишдан бош тортадиган бўлса, бу масалани суд ёки бошқа бир махсус орган ҳал қилиши керак.

“Яъни бирор руҳшунос врачнинг қарорига кўра кишини психиатрия шифохонасига ётқизиб қўйиш мумкин эмас”, - дейди мутахассис.

Унинг айтишича, суднинг қарорисиз баъзи давлатларда 48 соат, баъзиларида 72 соатгина руҳий касалликлар шифохонасида ушлаб туриш мумкин, ундан у ёғига эса масала судга оширилиши лозим.

Ж.Каримовнинг Самарқанд психиатрия шифохонасига ётқизилгани тўғрисидаги хабар чиққанига 26 сентябрь куни бир сутка бўлди. 12 сентябрда бедарак кетган журналистнинг шифохонага қачон ётқизилгани номаълум.
XS
SM
MD
LG