Линклар

logo-print

Кончилар ҳинд магнатига қарши бош кўтарди


Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги тўртта кон ишчилари икки кундан буён иш ташламоқда. Куни-кеча ўтказилган намойишда икки мингга яқин ишчи-хизматчи иштирок этди.

Бу конлар Ҳиндистоннинг “Mittal Steel Temirtau” компаниясига қарашли. 25 сентябрь куни эрталаб Ленин номидаги конда ишлайдиган 50 ишчи кондан юқорига чиқишдан бош тортди. Бошқа бир гуруҳ ишчи эса конга тушишни истамади. Шу тарзда бошланган норозилик стихияли митингга айланиб кетди. Митингга бошқа шахталар ишчилари ҳам қўшилди.

26 сентябрь куни бу конлар ишчилари ишга чиқмади. Маълумотларга қараганда, иш ташлаш акциясида беш мингга яқин кончи иштирок этмоқда. Норозилик акцияси қачонгача давом этиши ҳозирча номаълум.

“Kazakhstan Today” ахборот агентлиги хабарига кўра, намойишчилар ишчилар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, иш ҳақини 40 фоиз оширишни талаб қилмоқда.

Айни пайтда кон ишчиларининг ўртача ойлиги 300 АҚШ долларини ташкил этади. Конлар хўжайини, ҳинд магнати Лакшми Миттал айни пайтда ойлик маошларни ошириш имкони йўқлигини маълум қилмоқда. Қарағанда вилояти ҳокими Нурлан Нигматулин эса ишчиларнинг талабини ўрганиб чиқиш учун вақт кераклигини билдирди.

Намойиш иштирокчилари иш шароити ёмонлигидан ҳам шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишича, конларда таъмирлаш ишларини олиб бориш зарур. Бу ерда собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган асбоб-ускуналар жуда ҳам эскиргани боис ишлаш хавфли бўлиб қолган.

22 йилдан буён кончи бўлиб ишлаётган шахс шу давр мобайнида унинг 61 ҳамкасби ҳалок бўлганини айтади.

Норозилик айнан Ленин номидаги кондан бошлангани бежиз эмас. 20 сентябрь куни айни шу конда юз берган фалокатда 41 ишчи ҳалок бўлган эди. Маҳаллий матбуот бу мустақил Қозоғистон тарихида энг даҳшатли фожеа бўлгани ҳақида ёзди. Мамлакатда ҳалок бўлганлар хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилинди. 2004 йил декабрда ҳам шу кунда метан гази портлаши оқибатида 23 киши ўлган эди.
XS
SM
MD
LG