Линклар

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида “Акромийлар” гуруҳи аъзолари экани айтилаётган тўрт нафар шахс устидан маҳкама бошланди.


Судланувчиларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари. Улар ноқонуний равишда қурол сақлаганлик, Қирғизистон паспортини соҳталаштирганлик ва террор ҳужуми уюштиришни режалаганликда айбланмоқда. Судланувчилар орасида “Акромийлар” гуруҳи асосчиси, Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаётган Акром Йўлдошевнинг 21 яшар қизи Гулмира Мақсудова ҳам бор. Гулмира икки ой олдин Ўшда қўлга олинган. Суддаги адвокатларидан бири Кубанчбек Жўроев ҳакамларга айбланувчилар Ўзбекистон расмийлари таъқибидан қочиб қутулиш учун паспорт соҳталаштиришдан бошқа чоралари бўлмаганини айтди.
Гулмира Мақсудованинг адвокати Тўхтасин Қосимбеков “Озодлик” радиосига Гулмира “Акромийлар” гуруҳи ва унинг асосчиси билан алоқада бўлмаганини айтди: “Бу қиз 12 ёшга тўлганда отаси қамалиб кетган. Ўшандан бери у отасини билмайди, уни кўрмайди. Бироқ ўтган йил 12 – 13 майда Андижон шаҳрида содир бўлган воқеадан кейин “сен акромийнинг қизисан” деб унга тазйиқ ўтказганлар. Шунинг учун у бизнинг Қирғизистондаги Ўш шаҳрига келиб яшай бошлаган”, – деди адвокат Т.Қосимбеков.
Ҳакам Турсунбой Ойбатиев суд 28 сентябр - пайшанба куни ўз ҳукмини эълон қилишини билдирди. Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил май ойида Андижонда содир бўлган қонли воқеалар учун “Акромийлар” гуруҳини айблаган.
XS
SM
MD
LG