Линклар

logo-print

Банклар “халқ душманлари”га пул бермайди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистондаги журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифатчиларга хориждан пул жўнатиш назоратга олингани ҳақидаги гап яна бир бор ўз исботини топган кўринади.

Яқинда ўзбекистонлик мустақил журналистлардан бирининг қўлига пул жўнатиш тақиқланган кишиларнинг рўйхати тушиб қолди. Ўзбекистондаги “Капиталбанк” филиалларидан бирига илиб қўйилган бу рўйхатнинг сурати “Фергана.ру” сайтида эълон қилинди.

Ўзбекистондаги банклар хизмат кўрсатиши тақиқланган кишилар рўйхатида кўпчиликка таниш ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар Муҳаммад Солиҳ, Отаназар Орипов, Нодира ва Нигора Ҳидоятовалар, Толиб Ёқубов, Санжар Умаров ва унинг ўғиллари фамилиялари бор. Рўйхатга яқиндагина шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган ўзбек ҳофизи ва диссиденти Дадахон Ҳасанов фамилияси ҳам киритилган.

Маълум бўлишича, банк ходимларига рўйхатга киритилган шахсларга хизмат кўрсатмаслик буюрилган. Бундан ташқари, агар бу шахслардан бирортаси пул олиш ёки жўнатиш истагини билдирадиган бўлса, банк ходими бу ҳақда зудлик билан раҳбариятга хабар қилиши белгилаб қўйилган.

“Капиталбанк” ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бундай рўйхат мавжудлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, рўйхат 2005 йил майдаги Андижон воқеаларидан бироз ўтиб пайдо бўлган.

Бундан бир қанча вақт илгари Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси ходими шунга ўхшаш маълумотни рад этган, аммо гаплари “қора рўйхат” мавжудлигини ошкор қилиб қўйганди.

“Четда туриб Ўзбекистон ичидаги турли диний оқимлар аъзоларини пул билан таъминланаëтганлар текширилиши мумкин. Мана Англияларда юрибди-ку, давлатимизни сотиб, ўзича тўнтариш қилмоқчи бўлган юзсиз одамлар. Бу ерни тарки дунë қилиб кетиб, энди турли юнионлар орқали пул юборяпти”, - деганди МХХ ходими.

Унинг гапларидан келиб чиқиладиган бўлса, МХХ мамлакат фуқароларига хориждан келаётган пул жўнатмаларини синчковлик билан текширмоқда.

Молиявий амалиëтларни амалга оширган шахснинг исм-фамилияси банк сиридир. Бу сирни ҳуқуқ-тартибот ëки бошқа идораларга тақдим этиш бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мижозга хиëнат ҳисобланади.

“Озодлик” мухбири бу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида “Вестерн Юнион”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори бўлмиш “Ҳамкорбанк”нинг Андижондаги бўлимларидан бирига қўнғироқ қилди. Банк ходими бу эҳтимолни рад қилмади.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг (бу жўнатмаларни) текширишга ҳаққи бор”, - деди банк вакили.

Бундан аввалроқ чет элдан банк орқали пул олгани учун таъқиб қилинаëтганлар рўйхатида бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларидан бири ўзининг солиқ идорасига қилган ташрифи ҳақида “Озодлик”ка билдирган эди.

“Жорий йил бошида “Вестерн Юнион” орқали пул олганим учун солиқ инспекциясига чақиртирилдим. Бу пулни декларацияга киритиб, солиқ тўлашим ҳақида айтишди. У ерга борганимда мен ўзимга ўхшаган яна бир неча киши - журналистлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари исми-фамилияси битилган рўйхатни кўрдим. Улардан бу рўйхатни қаердан олганини сўрасам, юқоридан юборилганини айтишди”, - деган эди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Аммо бу сафар эълон қилинган рўйхат каттароқ кўринади. “Капиталбанк” ходими эса бу “муваққат чора” эканини айтмоқда.

Айни пайтда банк ходимлари пул ўтказишнинг бошқача йўлларини мижозларга шипшитмоқда.
XS
SM
MD
LG