Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасида яна ўқ отилди

  • Абдулла Искандар

Ўзбек-қирғиз чегарасида мол боқиб юрган Ўзбекистон фуқаролари ва Қирғизистон чегарачилари ўртаси тўқнашув бўлиб ўтди. Қирғиз чегарачиларининг қурол қўллаши натижасида Ўзбекистон фуқароси яраланди.

“Озодлик” радиосининг Жалолободдаги мухбири Ирисбой Абдураимовнинг маълум қилишича, 26 сентябрь куни Жалолобод вилоятидаги Соқолди чегара ҳудудини назорат қилаëтган қирғиз чегарачилари чегарани бузиб, мол боқаëтган 20 кишини кўрган. Улар текширилганда Ўзбекистон фуқаролари бўлиб чиққан. Қирғиз чегарачилари уларга молларни Ўзбекистон ҳудудига қайтаришни, акс ҳолда моллар мусодара қилинишини айтган.

Воқеани ўрганган мухбирнинг билдиришича, ўзбек чўпонлари қирғиз чегарачилари гапини инобатга олмаган. Улар ҳар доим шу ерда мол боқишини писанда қилган ва чегарачиларнинг қуролини тортиб олишга уринган. Шундан кейин томонлар ўртасида мушлашув бошланиб кетган.
Бақир-чақир, ур-тўполон овозлари яқин атрофдаги овулларгача етиб борган. Бу орада Андижоннинг Пахтаобод туманидан ўн нафар отлиқ ўзбек ëрдамга етиб келиб, қирғиз чегарачилари устига от солган.

Мухбирнинг таъкидлашича, ана шундан кейин қирғиз чегарачилари бошлиғи автоматдан ўқ узган. Ўқлардан бири андижонлик Одилжон Мирзаевнинг сонига теккан. У зудлик билан Пахтаобод тумани шифохонасига олиб кетилган.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот вакили Чийбўлат Айтмамбетов бўлиб ўтган воқеада ўзбек чўпонлари айбдор эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон чегарачилари вакиллари - Пахтаобод чегара комендатураси штаб бошлиғи капитан Элмурод Комилов, “Ëлғизбоғ” чегара пости бошлиғи капитан Жўраев бу воқеада Ўзбекистон фуқаролари айбдор эканини ва ҳодиса Қирғизистон ҳудудида содир бўлганини эътироф қилди”, - деди Ч.Айтмамбетов.
XS
SM
MD
LG