Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:07

ОИТВ юқтирган болалар сони ортмоқда


Жанубий Қозоғистонда одам иммун танқислиги вирусини (ОИТВ) юқтирган гўдаклар сони ортишда давом этмоқда. Бугунга келиб улар сони 61 нафарга етди. Яқинда бу касалликдан яна бир бола ўлди.

Шундай қилиб, болаларга ОИТВ борлиги аниқланган икки ойдан буён уни юқтирган бешинчи гўдак оламдан ўтди.

ОИТВдан бу тарзда оммавий зарарланиш ҳали Қозоғистон тарихида учрамаган эди. Унинг манбаини топишга соғлиқни сақлаш мутасаддилари, прокуратура ва полиция кучлари ташланган. Гарчи болалар касалликни қон қуйиш муолажаси натижасида юқтирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилинган бўлса-да, бу ҳали исботини топмади.

Мазкур тахмин пайдо бўлишига касалланган болаларнинг барчаси турли вақтларда ҳар хил сабабларга кўра шифохонада даволангани, уларга қон қуйиш муолажаси амалга оширилгани сабаб бўлган эди.

Маълум бўлишича, гўдакларда ОИТВ борлиги бундан ярим йил илгари аниқланган, бироқ бу оммага ошкор этилмаган. Фақат касалликни юқтирганлар сони кескин ортгандан кейин бу маълумотни яширишнинг имкони бўлмай қолган.

Болаларнинг ОИТВ билан бундай оммавий зарарланиши мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ербўлат Досаев ва Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Бўлат Жилкишиевнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлди. Шунингдек, олти юздан ортиқ киши ўз вазифасидан озод қилинди. Элликка яқин тиббиёт муассасаси фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди.

Сўнгги маълумотга кўра, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Айни пайтда бу ҳодиса юзасидан 54 та жиноят иши қўзғатилган.

Мамлакат Бош прокурори катта ёрдамчиси Торехон Адайнинг билдиришича, Жанубий Қозоғистон соғлиқни сақлаш департаментининг собиқ раҳбари, унинг икки ўринбосари, вилоят болалар шифохонаси бош врачи, шунингдек, қон қабул қилиш маркази ва вилоят ОИТС маркази бошлиқлари устидан жиноят иши очилган. Уларнинг барчасига ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашиш айби қўйилган.

Аҳоли вилоятда тиббий хизмат сифати жуда ёмонлигидан доимо шикоят қилиб келади. Жанубий Қозоғистоннинг янги ҳокими Умрзоқ Шукеев эса ишни тиббий хизмат сифатини яхшилашдан бошлашга бел боғлаган. У айни пайтда асосий эътибор ОИТВ юқтирган болаларнинг даволанишига қаратилиши айтмоқда.

Ҳозир вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ОИТВни юқтирган болалар учун 30 та ўрин ажратилган. Яқин кунлар ичида бу ерга санкт-петербурглик, шунингдек, АҚШ ва Европадан мутахассислар ёрдамга келиши кутиляпти.

ОИТВ юқтирган болаларнинг оилаларига 100 минг тангадан (800 долларга яқин) товон пули ажратиладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG