Линклар

logo-print

Ана энди кўринг!

  • Озодлик

Николай Патрушев етакчилигидаги Россия Федерал хавфсизлик хизмати ҳамда Рустам Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати делегацияси аъзолари Москвада учрашиб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида келишувга эришди.

Ўзбекистон ва Россия махсус хизматлари террор ҳамда экстремистликнинг ҳар қандай кўринишига қарши ҳамкорликда курашишга келишиб олди.

Россия ахборот агентликлари тарқатган маълумотга қараганда, 1992 йилда тасдиқланган идоралараро келишувга тааллуқли протоколлар имзоланиши амалда махсус хизматлар ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни англатади.

Айрим протоколлар, жумладан, реал вақт режимида тезкор ахборот алмашиш, икки давлат миллий хавфсизлигига бевосита боғлиқ бўлган қатор йўналишлардаги маълумотлар базасини ўзаро тақдим этишни кўзда тутади.

Шунингдек, уларда бир-бирининг ҳудудида тезкор қидирув тадбирлари ўтказишга ўзаро ёрдам бериш, Ўзбекистон МХХ ходимларини Россиянинг ихтисослаштирилган ўқув муассасаларида касбий тайёргарликдан ўтказиш ва ўқитиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова “Озодлик”ка берган интервьюсида икки мамлакат махсус хизматларининг ҳамкорлиги Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда МДҲ мамлакатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Минскда имзоланган конвенцияга асосланганини айтади.

“Бир қанча бошқа давлатлар ва шу қатори Россия Федерацияси Бош прокуратураси билан жиноят-процессуал қонунчиликка тааллуқли муносабатларга кўпроқ эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ва бошқа давлатлар билан жиноят-процессуал қонунчиликка асосланган ҳолда жиноят содир этган шахсларни экстрадиция қилиш ва ҳоказо масалаларини ҳал этмоқда”, - деди С.Ортиқова.

Кузатувчилар сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик хизмати МДҲ ҳудудида яқиндан ҳамкорлик қилиб келаëтган орган ҳисобланади.

Шу вақтгача икки томон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳамкорлиги натижасида Россиядаги расмий Тошкент томонидан қидирувда бўлган ўзбекистонликлар ҳибсга олинди ва кейинчалик юртига депортация қилинди.

Бу ҳужжатлар имзолангандан кейин Ивановодаги ўзбеклар тақдири янада хавотир уйғотмоқда. Россиянинг Иваново вилоятида 2005 йил июнь ойида ҳибсга олинган Ўзбекистоннинг 12 ва Қирғизистоннинг бир фуқароси 2005 йил май ойида Андижонда рўй берган қонли воқеаларга алоқадорликда гумон қилиниб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирилаётган, бироқ Россия Бош прокуратураси Страсбург шаҳридаги инсон ҳуқуқлари суди ҳибсдагилар иши юзасидан қарор чиқаргунича экстрадиция жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

“Uzmetronom” сайтида ёзилишича, Ўзбекистоннинг амалдаги режимига мухолиф кайфиятда бўлган шахслар одатда кўп ҳолларда Россиядан бошпана излаши ҳеч кимга сир эмас. Албатта, илгари Россиянинг кучишлатар тузилмалари ўзбек ҳамкасбларининг айрим шахслар борасида юборган сўровларини бутунлай рад этган, деб бўлмайди. Бироқ энди Федерал хавфсизлик хизматидан МХХга ёки аксинча йўналишда юборилган ҳар қандай маълумотга тезкор жавоб қилиш мутлақо мажбурийлик тусини олади.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев Россияда истиқомат қилаëтган ўзбекистонликлар тақдирини бир неча йилдан буён ўрганиб келади. Унинг айтишича, шу пайтгача Россия ҳукумати жамоат фикрини инобатга олмай, расмий Тошкент қош-қовоғига қараб, Ўзбекистон истаган одамни улар жиноятчи бўлмаса ҳам юртига экстрадиция қилиб келган.

“Сўнгги пайтларда биз Россия қилаëтган ишлар ҳақида дунë жамоатчилиги эътиборини жалб қилиб, бу масалаларни кўтариб чиққанимиздан сўнг Кремль ўз ҳаракатларини энди қонунийлаштириб, барибир Тошкент билан ҳамкорлик қилишни давом эттиряпти”, - дейди Б.Ҳамроев.

У шахсан ўзи Россиянинг бир қанча шаҳарларида бўлиб, террорчиликка алоқаси бўлмаган ўзбекистонликларнинг ҳибсга олиниб, депортация қилинганига гувоҳи бўлганини билдирди.
XS
SM
MD
LG