Линклар

logo-print

Яна можаро. Энди ўзбек-қозоқ чегарасида


Ўзбек-қозоқ чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида юз берган навбатдаги можарода Ўзбекистоннинг 19 ёшли фуқароси яраланди. Бу ҳақда “Kazakhstan Today” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, воқеа Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч туманидаги Тонкерис қишлоғида содир бўлган.

Сариоғоч тумани ҳокимлиги тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон чегарачилари Қозоғистон ҳудудига ноқонуний равишда ўтган. Қозоқ чегарачилари уларни тўхтатишга ҳаракат қилган ва бир ўзбек ҳарбийсини қўлга олган. Бу пайтда бошқа икки ўзбек чегарачиси қозоқ ҳамкасбларига қарата ўт очган ва бу ўқдан Ўзбекистон фуқароси оёғидан яраланган.
Қозоғистонга қариндошлариникига меҳмонга келган 19 ёшли ўзбек қизи чегарадан 100 метр узоқликдаги уйлардан бирида бўлган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати “Онгтустиқ” ҳудудий бошқармаси чегарада шундай можаро юз берганини тасдиқлади.

Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ҳукуматлари делегациялари чегара масалаларини муҳокама қилаётган бир пайтда юз берган мазкур ҳолат бўйича суриштирув-тергов ишлари олиб бориляпти.

Маҳаллий кузатувчилар эса ўзбек чегарачилари билан боғлиқ илгариги машмашаларни эсга олмоқда. Жорий йил ёзида қозоғистонлик ёшларнинг “Болошак” ҳаракати ўзбек чегарачилари шаънига жиддий айбловлар билан чиққанди. Ҳаракат раиси Фарҳод Касенов ўзбек чегарачилари Қозоғистон фуқароларини ўғирлаш орқали катта бизнес қилаётганини айтганди.

Ф.Касеновнинг билдиришича, ўзбек чегарачилари аввал Қозоғистон фуқароларини ўғирлаб гаровга олади ва кейинчалик уларнинг қариндошларидан маълум миқидорда пул ундириб, қўйиб юборади.

Ф.Касенов сўзларига кўра, “Болошак” ҳаракати фаоллари Сариоғоч туманининг чегараолди ҳудудларида яшовчи қозоғистонликлар ўртасида сўров ўтказган. Унда қатнашганларнинг 16 фоизи уларни ўзбек чегарачилари гаровга олиб, пул эвазига қўйиб юборганини билдирган. Куни-кеча юз берган можаро ҳам худди шу сабабли келиб чиққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ҳаракат аъзолари Қозоғистоннинг ҳар бир ўғирланган фуқароси учун ўзбек чегарачилари 35 мингдан 100 минг тангагача пул талаб қилаётганини аниқлаган.

Бу айблов қанчалик тўғри-нотўғри эканини айтиш қийин, зеро Ўзбекистоннинг Остонадаги элчихонаси ҳатто унга муносабат ҳам билдирмади. Маълум бўлишича, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларида мамлакат фуқароларини оммавий равишда ўғирлаш ҳолатлари қайд этилмаган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 1999 йилдан буён чегарада 26 та келишмовчилик ҳолати қайд қилинган. Сўнгги тўрт йил мобайнида ўзбек-қозоқ чегарасида Ўзбекистон чегарачилари томонидан 10 марта қурол ишлатиш ҳолати қайд қилинган. Бунинг натижасида 7 фуқаро жароҳат олган ва бири ҳалок бўлган. Шу давр мобайнида Қозоғистон чегарачилари ўзбекистонликларга қарата 6 марта ўт очган, натижада уч киши яраланиб, бир киши оламдан ўтган. Сўнгги келишмовчилик ҳолатида эса қозоқ чегарачилари томонидан қурол ишлатилмагани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG