Линклар

logo-print

Хитой халқ республикаси ташкил топганига 57 йил тўлди

  • Озодлик

Мазкур санага бағишланган тантаналар 1 октябрь куни мамлакат пойтахти Пекин шаҳрида бошланди.

Шундай қилиб, Хитойда анъанавий "Олтин ҳафта" ҳам бошланди. Бу ўзига хос ялпи таътилни 120 миллион хитойликнинг ўз уйидан ташқарида – дам олиш уйлари ёки сайру саёҳатда ўтказиши кутилмоқда.

Хитой коммунистлари бошқариб келаётган давлатга асос солинганига 57 йил тўлаётган бўлса-да, "Олтин ҳафта" анъанаси пайдо бўлганига эндигина 6 йил бўлди.

Миллионлаб хитойлик эндиликда туғилиб ўсган шаҳар-қишлоқларидан узоқда яшамоқда.

Бир ҳафтага чўзиладиган дам олиш кунлари она юртларига бориб, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, ёру-биродарини кўриб қайтишлари учун миллионлаб хитойликка берилган жуда яхши имкониятдир.

"Олтин ҳафта"ни катта шаҳарларга бориб, байрам тантаналарида ўтказадиганлар ҳам талайгина. Бундайларнинг кўпчилиги, албатта, мамлакат пойтахти Пекинга боради.

Шаҳарнинг марказий Тянанмен майдонида 1 октябрь куни эрталаб ўтказилган давлат байроғини кўтариш маросимида 200 мингдан зиёд киши қатнашди. Майдондан ҳарбий парад ўтди.

Хитой раҳбариятига бугунги байрам мамлакат халқ хўжалиги ютуқларини кўз-кўзлаш учун қулай фурсатдир. Сўнгги бир йил ичида хитойликлар қўлга киритган ютуқлардан энг каттаси яқинда фойдаланишга топширилган Тибет темир йўлидир.

Тянанмен майдонига келган хитойлик ёшлардан бири Пекинга Тибет поездида келгани тўғрисида мақтаниб, бундай деди:

- Тибет темир йўли уйимизнинг олдидан ўтади. Мен Пекинга ўша поездда келдим. Дунёни кўрдим. Ватанимиз кучли бўлса, бизниям бошимиз баланд бўлади-да...

Деҳқон Хитой инқилобининг асосий қаҳрамонидир. Бироқ баъзи таҳлилчилар фикрича, кейинги йилларда бозор иқтисодиётини танлаган мамлакат раҳбарияти қишлоқ ва унинг аҳолисини эсдан чиқариб қўйди.

Лекин, "Олтин ҳафта"да ўйнаб кетиш учун Пекинга келган бир фермернинг фикрича: - Марказий ҳукуматнинг сиёсати - деҳқонларни бойитиш. Мен яшаётган қишлоқ ҳам анча обод бўлиб қолди. Ўзимниям ишларим яхши.

Хитой раҳбариятининг ҳам билгани билган. Афтидан, бир ҳафтага чўзиладиган "Олтин ҳафта" ялпи дам олиш кунлари туризм саноатининг ривожланишини кўзлаб ҳам жорий этилганга ўхшайди.

Бир ҳафта ичида 100 миллиондан зиёд кишининг бир нуқтадан иккинчи нуқтага кўчиши, сўнгра яна ортга қайтиши сайру саёҳат уюштирувчилар, транспортчилар учун қўшимча миллионлаб ақча деганидир.
XS
SM
MD
LG