Линклар

logo-print

Россия ва Грузия ўртасидаги можаро тобора кучаймоқда.


Тбилиси президент Путинни Грузиянинг сепаратчи мухториятлари раҳбарларини қўллаб-қувватлаётганликда айблади, Россия президенти эса Грузия раҳбариятини Сталин давридаги хавфсизлик идоралари раҳбари Берияга ўхшатди.
Россия Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан ўтказилган мажлис пайтида Путин Грузия раҳбарияти ҳаракатларини "давлат террорчилиги", деб атади.
Грузия ташқи ишлар вазири Гела Бежуашвилининг бугун журналистларга билдиришича, Россия президенти 30 сентябрь куни Сочи шаҳрида Абхазия ва Жанубий Осетия раҳбарлари билан учрашган. Бу хабарни Кремль матбуот хизмати тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.
Абхазия ва Жанубий Осетия 90-йилларнинг бошларида ўзларини Грузиядан мустақил деб эълон қилган эди.
Россия - Грузия можаросини муҳокама қилган Украина, Польша ва Литва президентлари томонларни можарони дипломатик йўллар билан ҳал қилиб олишга чақирдилар.
Уч мамлакат етакчиларининг шанба куни Львов шаҳрида бўлиб ўтган учрашувидан кейин Украина президенти Виктор Юшченко меҳмонларининг ҳам номидан гапириб, инқироздан чиқишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.
Грузия ички ишлар вазирлиги айғоқчиликда гумон қилиниб қўлга олинган россиялик ҳарбийларнинг хуфя фаолияти тўғрисидаги янги материалларни эълон қилди. Россиялик ҳарбийлар эндиликда ўтган йили Гори шаҳрида портлаш амалга оширишга тайёргарлик кўрганликда ҳам гумон қилинмоқда.
Россия Грузиядан ўз фуқароларини олиб чиқишни давом эттирмоқда. Айни пайтда Москва Грузиядаги икки ҳарбий базадан ҳарбийлари ва ҳарбий техникасини олиб чиқишни тўхтатиб қўйди.
XS
SM
MD
LG