Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:02

Умид ҳам бор, хавотир ҳам


3-4 октябрь кунлари Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов таклифига кўра Тошкентга боради. Бу ҳақда ҳар икки президент матбуот хизмати расмий хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Тошкентдаги учрашув чоғида томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатлари, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш истиқболлари ва икки томон учун муҳим бўлган долзарб халқаро мавзуларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бу хабарлардан сал аввалроқ Москвада чиқадиган “Независимая газета”да “Бақиев Каримовникига палов ейишга боради” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унинг муаллифи Виктория Панфилова Бишкек ва Тошкент раҳбарларининг бўлиб ўтиши кутилаëтган учрашувларига чизгилар чизганди.

Кузатувчиларнинг билдиришича, бу икки мамлакат муносабатлари 2005 йил 13 майда юз берган Андижон воқеаларидан сўнг совуқлашгандай бўлди. Зеро, расмий Бишкек андижонлик 600 га яқин қочқинни Тошкент ҳукуматига қайтариб бермай, аксариятининг учинчи давлатга олиб чиқиб кетилишига шароит яратиб берди. Қирғизистонда қолган айрим қочқинлар эса БМТ қочқинлар идорасининг Ўшдаги ваколатхонаси ҳамда аҳоли бандлиги ва миграция қўмитасига мурожаат қилган эди. Уларнинг баъзилари ҳам қочқин сифатида учинчи мамлакатга жўнатилган бўлса, 65 га яқин одамга бошпана изловчи шахс мақоми берилди. 5 киши Ўзбекистонга қайтарилгани маълум қилинган, яна беш қочқин бедарак йўқолган.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев сўзларига кўра, Қ.Бақиевнинг Тошкентга сафари ўзбек-қирғиз алоқаларини яхшилашга маълум бир ҳиссасини қўшади. Бироқ сўнгги пайтларда Қ.Бақиевнинг Ўзбекистон режими сиёсатига хайрихоҳлик қилаётгани унга нисбатан ишончни сусайтирмоқда.

“...Туркманбоши, Каримовга ўхшаганлар кейинги пайтларда унинг (Қ.Бақиевнинг) кумирига айланиб қоляпти. Сўнгги вақтларда номи зикр қилинган одамлар инсон ҳуқуқларига қарши биргаликда курашиб келяпти. Кейинги икки-уч ойда юз берган воқеаларга қарайдиган бўлсак, Қирғизистон ҳукумати ўзбек сиëсий ëки оддий қочқинларини тутиб¸ Тошкент қўлига топширишга¸ Ўшдаги таниқи имом Абдурафиқ қорининг ўлдирилишига шароит яратиб берди. Бу эса Бақиевнинг ўзи эълон қилган демократик меъëрлардан¸ демократик анъаналардан воз кечаëтганини англатади”¸ - дейди Т.Йўлдошев.

Қирғизистонлик кузатувчилар мамлакат собиқ раҳбари Аскар Ақаевнинг 15 йиллик ҳукмронлиги даврида ўзбек-қирғиз алоқалари жуда совуқ бўлганини айтади. Бунинг сабабларини таҳлилчилар икки президентнинг шахсий келишмовчилигида, деб билади. Қ.Бақиевнинг 15 йилдан сўнг Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида қилаëтган ҳаракатларига муносабат Қирғизистонда ҳам бир хил эмас. Айримлар уни Тошкент режимини қўллаб-қувватлаётганини айтса, бошқалар мамлакат иқтисодини ташқи сиëсат ëрдамида ривожлантирмоқда, деган фикрда.

Россиялик мустақил кузатувчи Аркадий Дубнов инқилоб натижасида ҳокимият тепасига келган ва Марказий Осиë давлатлари раҳбарлари орасида энг ëш ҳисобланган Қ.Бақиевга Тошкент учрашуви ўз позициясини янада кенгроқ қонунийлаштириш учун муҳимлигини айтади.

“Бугун қирғиз-ўзбек чегарасида энг хавфли тенденциялар - гиëҳвандлик моддалари савдоси, террорчилик ҳаракатлари ва Фарғона водийсидаги барқарорликка болта уришга уринишлар кузатилмоқда. Шу жиҳатдан Бақиевнинг Каримов билан ўтказажак учрашуви муҳим ҳисобланади. Сўнгги марта Марказий Осиë раҳбарларининг Остонадаги йиғилишида бу икки президентнинг учрашувига илиқ баҳо берилди. Шундан сўнг икки мамлакат ҳудудида фуқароларининг олтмиш кун давомида визасиз борди-келди қилишига келишилгани маълум бўлди. Ишончли манбаларимнинг айтишича, Бақиев Ўзбекистон раҳбарининг ўзига нисбатан илиқ муносабатидан хурсанд бўлган”, - дейди А.Дубнов.

Унинг билдиришича, Бишкек раҳбари Тошкент учрашувида Қирғизистоннинг энг асосий табиий ресурси ҳисобланган сувни Ўзбекистон маҳсулот сифатида тан олиши ва у учун пул тўлаш кераклигини тушунишига умид боғламоқда.

А.Дубнов Қ.Бақиевнинг Тошкентга сафари айни пайтда Қирғизистонда бўлган ўзбекистонлик қочқинларнинг тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.

“Ислом Каримовнинг Бишкек ҳукуматига хайрихоҳлигига жавобан Бақиевнинг Тошкент ҳукуматининг Қирғистон ҳудудидаги ўзбекистонлик қочқинларни қайтариш талаби юзасидан қўшимча ён босишларга боришидан хавотирдаман. Мен Бақиевга сиëсий мардонаворлик етишмаслигидан қўрқаман”, - дейди А.Дубнов.
XS
SM
MD
LG