Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:40

Қозоғистон тунидаги ўзбек “капалак”лари ёки кўршапалаклар


Қозоғистонда бир ҳафта давомида ўтказилган “Қўшмачи” (“Сутенёр”) махсус тадбири давомида биргина Олмаота шаҳрида 300 га яқин фоҳиша қўлга олинди. Уларнинг деярли барчаси ўзбекистонлик ва қирғизистонликдир.

Мамлакат бўйича жами 500 га яқин фоҳиша ва 70 га яқин қўшмачи қўлга тушди. Олмаотада ушланган фоҳишалар орасида ҳатто ҳомиладор аёл ҳам бор.

Полиция маҳкамалари маълумотига кўра, вояга етмаган ўсмир қиз ҳам фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланган. Қўшмачи шахслар томонидан фоҳишалик қилишга мажбурлашган қизалоқ полициянинг бедарак йўқолганлар рўйхатида бўлган. Айни пайтда бу ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Жанубий Қозоғистондаги “Сана сезим” нодавлат ташкилоти раҳбари Хадича Абишеванинг “Озодлик” радиосига билдиришича, Қозоғистонда бу каби ҳолатлар кўп учрайди. Яқинда уларга тошкентлик 13 ёшли қизчанинг отаси мурожаат қилган. Қизалоқ дугонаси билан бирга бир йил аввал бедарак йўқолган. Қизлар Олмаота шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланган.

Х.Абишева сўзларига кўра, бу каби қизлар, асосан, алдов, товламачилик ва қўрқитув йўли билан одам савдоси қурбонига айланади. Кейинги пайтда Қозоғистонда одам савдоси кенг ривожланмоқда ва бундан жабр кўраётганларнинг аксарияти ўзбекистонликлардир.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, кўп ҳолларда ўзбекистонлик хотин-қизлар фоҳишалик орқасидан пул топиш мақсадида Қозоғистонга ўз хоҳиши билан келади. Расмий маълумотлар сўнгги вақтларда улар сони кескин ошганидан дарак беради.

Қозоғистонда фоҳишалик кенг ривожланаётганига сабаблардан бири мамлакатда фоҳишаларга нисбатан жиноий жавобгарликнинг йўқлигидир. Яъни фоҳишалик билан шуғулланиш жиноят ҳисобланмайди. Бироқ бу иш билан шуғулланишга очиқ рухсат ҳам берилмаган.

Маҳаллий кузатувчилардан бири Нурлан оға бу борада қонун қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, мамлакатда фоҳишалик билан шуғулланишга чек қўйиш керак ёки аксинча унга рухсат бериладиган бўлса, фоҳишалар учун махсус уйлар ташкил қилиш лозим.

Фоҳишаликка тақиқ йўқлиги ва бундай хизматдан қозоқ эркакларининг кенг фойдаланиши бир қанча муаммоларга ҳам сабаб бўлаётир. Фоҳиша аёллардан турли касалликларни юқтирган эркаклар сони ошаётгани кузатилади. Расмий маълумотларга қараганда, йил бошидан буён биргина Олмаота шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланувчи 18 аёлда ОИТС касаллиги аниқланган. Улар орасида ўзбекистонлик аёллар ҳам бор. Яқинда ўзбекистонлик 19 ёшли фоҳишада ОИТС аниқланиб, у суд қарорига кўра Қозоғистондан депортация қилинди.

Х.Абишева пул ишлаш илинжида Қозоғистонга келиб, трафик қурбонига айланган ўзбекистонлик қизларнинг тақдири анчагина аянчли эканини айтди.

Мана шунга бир мисол. Ўзбекистонлик ёш қиз Жанубий Қозоғистонга ишлаб пул топиш мақсадида келади. Турли ваъдалар орқали алдов йўли билан келтирилган ўзбек қизи Чимкентдаги ҳаммомлардан бирида фоҳишалик қилишга мажбурланади. Ҳужжатларидан айрилган қиз ҳаммом эгасининг қулига айланади. “Сана сезим” ташкилотининг аралашуви натижасида ўзбек қизи қулликдан озод қилинади. Бироқ у Ўзбекистонга қайтиб кета олмайди. Қизининг фоҳишалик билан шуғулланганидан хабар топган ота-онаси ундан юз ўгиради.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоев ўзбек аёлларининг фоҳишалик қилиши миллат шаънига доғ бўлиб тушаётганини айтади.

“Фактлар жуда ҳам кўп. Туркистондай табаррук, зиёратгоҳ шаҳарда ҳам Ўзбекистон аёллари бориб, фоҳишалик билан шуғулланадиган махсус жойлар бор экан. Бу биз ўзбек эркакларининг жуда ҳам ориятини келтиради. Бу шармандали, уятли ҳолат миллат шаънигаям доғ бўлиб тушяпти”, - дейди куйиниб профессор.
XS
SM
MD
LG