Линклар

logo-print

“Террорчилик” тушунчаси ҳам муаммо

  • Фаррух Юсуфий

Баҳрайнлик дипломат Шайха Ҳайа Рашид ал-Халифа БМТ Бош ассамблеясининг 61-сессияси раисаси этиб сайланди. Шайха Ҳайа хоним бу лавозимга сайланган илк муслима ва учинчи аёл бўлди.

Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ва Ислом дунёсида аёллар ролини ошириш ишига ҳам сезиларли ҳисса қўшган Шайха Ҳайа “Озодлик” радиосига интервью берди.

“Озодлик” : Ҳайа хоним, 61-сессия раисаси сифатида олдингизга қўйган устивор масала нимадан иборат?

Шайха Ҳайа: Биз учта принципга асосан иш олиб борамиз. Биринчидан, биздан аввал амалга оширилган ишларни давом эттирамиз, яъни шу пайтгача қабул қилинган қарорларни ҳаётга тадбиқ этиш ва ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш, Бош ассамблея мавқеини қайта тиклаш ва ислоҳотларга алоқаси бор бошқа ишларни давом эттириш ниятидамиз. Иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари кенгаши, тинчлик ўрнатиш бўйича комиссияни шакллантириш ишларини фаоллаштириш, шунингдек, аксилтеррор стратегия бўйича ишларни ҳам давом эттиришни режалаштиряпмиз. Шундай қилиб, ҳозиргача амалга оширилган ишларни янада ривожлантириш бўлади асосий вазифамиз. Шунингдек, тараққиёт дастурларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. 61-сессия кун тартибидан тараққиёт мақсадларини амалга ошириш мавзусига бағишланган муҳокамалар ҳам ўрин олган.

“Озодлик” : Дипломат ва ҳуқуқшунос сифатидаги тажрибангиз Бош ассамблеяда турли манфаатлар ва қарашлар ўртасида муроса топишда қўл келадими?

Шайха Ҳайа: Аъзо давлатлар вакиллари билан кун тартибидаги барча масалалар бўйича музокараларни бошлаб юборганман. Ҳар бир аъзо давлат ўз ғояларининг БМТ қарорлари ёхуд резолюцияларида акс этишини истайди. Мен эса бу масалаларни муҳокама қилиш, аъзо давлатларни кўндириш ва турли қарашлар бўйича муросага эришишим керак. Бундан ташқари, бугунги кун воқелигидан келиб чиқиб йўл тутишимиз лозим. Бизнинг ва аъзо давлатларнинг барчаси олдида турган вазифа қабул қилинадиган қарорлар ва резолюциялар орқали ташкилотни янада фаоллаштириш ҳамда уни кучли ва самарали тузилмага айлантиришдан иборатдир.

“Озодлик” : Ҳозирча янги лавозимдаги фаолиятингизда бирор нарсадан ҳафсалангиз пир бўлган ҳоллар бўлдими?

Шайха Ҳайа: Мен ҳуқуқшуносман, шунинг учун бу масалаларга қоидалар ва низомлар асосида ёндашаман. Баъзан эса бу иш бермайди, бундай пайтларда воқеаликка реал қарашга тўғри келади.

“Озодлик”: Ҳайа хоним, БМТнинг террорчиликка қарши умумий стратегиясини яратишда муаммолар, тўсиқлар нимадан иборат, деб ўйлайсиз?

Шайха Ҳайа: Менимча, аксилтеррор конвенцияни қабул қилиш масаласининг муаммоли жиҳатлари 10 фоизни ташкил қилса керак. Аъзо давлатлар кун тартибидаги 90 фоиз масалалар бўйича келишиб олган. Масалан, “террорчилик” тушунчасига турли қарашлар муаммолардан бири ҳисобланади. Бу муаммони ҳар бир давлат сиёсатидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқсангиз, “террорчилик” тушунчаси борасида аъзо давлатлар ўртасида турли қарашлар борлигини англаб оласиз. Ҳар бир давлат “террорчилик” тушунчасини ўзи истагандек талқин этишни хоҳлайди. Бунда 192 хил талқин бор, десам муболаға бўлмайди менимча. Баъзилар аъзо давлатларнинг ярми “террорчилик” тушунчаси бўйича келишиб олган, дейиши мумкин, бошқалар эса бунга рози бўлмаслиги мумкин. Буни техник муаммолар сирасига қўшган бўлардим.
XS
SM
MD
LG