Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:41

Қирғиз-ўзбек муносабатлари яхшиланиши йўлида яна бир уриниш


3 октябрь куни Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиевнинг Ўзбекистонга ташрифи бошланди. Мазкур ташриф охирги саккиз йилдан бери Қирғизистон президентининг Тошкентга илк расмий сафари бўлди.

Қ.Бақиев эса бу лавозимда Ўзбекистонга илк бор меҳмон бўлаётир. Кўпчилик кузатувчилар мазкур ташрифни икки қўшни республика муносабатларидаги илиқлашувда дастлабки муҳим қадам бўлишини айтмоқда.

Андижон воқеаларидан кейин ўзбекистонлик 500 га яқин қочқинга Қирғизистондан бошпана берилгани Тошкент ва Бишкекнинг шундоқ ҳам яхши бўлмаган муносабатларини янада совуқлаштирган эди. Бундан 2,5 ой аввал рус диёрида Ислом Каримов ўзи учун ажратилган қароргоҳда қирғиз раҳбарини меҳмон қилди-ю, икки томонлама муносабатларда илиқлашув жараёни бошланди. Ўшанда МДҲнинг норасмий саммитида қатнашаётган И.Каримов Қ.Бақиевни Тошкентга таклиф этган эди.

Москвадаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин Москвадаги учрашувда И.Каримов Қирғизистон раҳбарининг кўнглига йўл топа олганига ишора қилади.

“Тошкентда ва айниқса, Бишкекда яқин қўшнилар билан яхши алоқаларнинг нафақат мамлакатдаги иқтисодий вазият, балки ички сиёсий аҳволга ҳам таъсири кучли эканини тушунадилар. Қирғизистонда сўнгги ойларда вужудга келган вазиятни ижобий, деб бўлмайди. Қирғизистон ҳукумати кўплаб муаммоларга дуч келмоқда ва бу вазиятда қўшнилар билан келишмовчиликларни ҳал этиб олмаслик вазиятнинг яхшиланишига ҳисса қўшмайди, албатта”, - деди А.Грозин.

Қирғизистон аҳолисининг деярли бешдан бирини ташкил этган ўзбекларга Тошкентнинг таъсир қила олиш воситалари борлигини эътиборга олсак, Бишкекнинг Тошкент билан яхши муносабатда бўлишдан манфаатдор эканини тушуниш мумкин.

Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистон ўзбекистонлик 500 га яқин қочқинга икки ой давомида ўз ҳудудидан бошпана бергани ва Руминияга кўчирилишида халқаро ташкилотларга кўмаклашгани ўша кунларда халқаро ҳамжамият томонидан қилинган босимдан жиғибийрон бўлиб турган Тошкентнинг асабига текканди.

“...Яна бир қирғиз ҳуқуқ ҳимоячиси эса Ўзбекистондан бир миллион қочқин Қирғизистонга ўтиши мумкин, бизга халқаро ёрдам керак, деб жар солди. Бу қирғизларга ҳайрон қоласан, уларга кимдир, нимадир садақа қилса бўлди”, - деган эди хуноби ошган И.Каримов.

Москвалик таҳлилчи А.Грозин қочқинлар воқеаси Тошкентнинг Бишкекни душман сифатида кўра бошлашига сабаб бўлганини айтади.

“Айниқса, Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистон ўзбекистонлик қочқинларни қабул қилиб олгани боис, Тошкент қирғиз раҳбариятини ғанимлар сирасига қўшди, таъбир жоиз бўлса, қирғиз ҳукумати Тошкент учун хавфли бўлиб қолди. Шунинг учун бу бўҳронни ҳал этиш йўлларини қидириш вақти келди. Тошкентга келган Қ.Бақиевнинг асосий вазифаси ҳам шундан иборат бўлади”, - дейди А.Грозин.

Июнь ойида Москвада ёпиқ эшиклар ортида ўтган икки томонлама учрашувдан кейин Қ.Бақиев И.Каримов билан халқаро террорчиликка қарши курашда икки мамлакат ҳамкорлик қилиши лозимлиги ҳақидаги умумий қарорга келгани ҳақида баёнот берганди.

“Республикаларимиз халқаро террорчилик ва турли диний экстремистик оқимларга қарши ҳаракатларни бирлаштириши лозим. Бунда, биринчи навбатда, давлатларимиз махсус хизматларининг ҳамкорлиги талаб этилади”, - деганди Қ.Бакиев.

Қирғизистон омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли эса бундай ҳамкорлик Қирғизистон учун хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

“Агар бу икки давлатнинг хавфсизлик идоралари яқин ҳамкорликни бошлайдиган бўлса, Қирғизистонда нафақат дин арбоблари, балки сиёсий мухолифат ҳам хавф остида қолади. Ўзбекистоннинг кечаги тарихини ёддан чиқарганларга шуни эслатиб қўймоқчиман. У ерда аввал сиёсий мухолифатнинг додини беришди. Мамлакатдан қочишга улгурганлар улгуриб қолди, улгурмаганлар йўқ қилинди. Баъзилари қамоққа ташланди, баъзилари изсиз йўқолди. Кейин эса дин вакиллари таъқиб қилина бошланди. Худди шундай ишлар бизда ҳам бошланяпти”, - дейди Т.Бакир ўғли.

Кузатувчилар Тошкент-Бишкек муносабатларида террорчиликка қарши ҳамкорликдан ташқари ечимини кутаётган муаммолар талайгина эканига эътибор қаратади.

Икки томонлама муносабатларнинг яхшиланиши Тошкент учун ҳам кўп муаммоларни ҳал этади.

“Қирғизистон билан алоқаларда кузатилган тарангликни юмшатиш, ҳар ҳолда Ўзбекистондаги вазиятга ижобий таъсир ўтказмай қолмайди. Ҳеч бўлмаганда, Тошкентнинг Бишкекка таъсир ўтказа олиш имконияти ошади. Бундан ташқари, Қирғизистон билан сув муаммоларини ҳал этиш, икки мамлакат чегарасидаги тарангликни бироз юмшатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш Тошкент учун кўп бошоғриқларни ҳал этган бўларди”, - дейди А.Грозин.
XS
SM
MD
LG