Линклар

Халқаро ташкилот жиззахлик журналистлар тақдиридан ташвишда

  • Фаррух Юсуфий

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати таъқиб қилаётган жиззахлик икки мустақил журналист тақдиридан хавотир билдирди.

Ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини қамоққа ташланган журналист Улуғбек Ҳайдаровни озод этишга чақирди. Шунингдек, ташкилот баёнотида жиззахлик яна бир журналист Жамшид Каримовнинг Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасига мажбурлаб ётқизилгани қораланади.

Ташкилотнинг Европа ва собиқ иттифоқ мамлакатлари бўлими раҳбари Элза Видал “Озодлик” билан суҳбатда бири қамоққа ташланган, яна бири руҳий касалликлар шифохонасига тиқилган мустақил журналистлар тақдири ҳақида хабарлар йўқлиги хавотирларга сабаб бўлаётганини айтди.

“Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати бу икки журналист тақдири ҳақида бирор маълумот бермаяпти. Бундан биз ташвишдамиз”, - деди Э.Видал.

Ўзбекистон ҳукумати У.Ҳайдаровни пора олишда айбламоқда. Хўш, ташкилот журналистни озод этиш ҳақидаги чақирувида нимага асосланмоқда?

“Асосларимиз жуда оддий. У.Ҳайдаров ўз мақолаларида Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилиб келган журналистлардан бири сифатида ҳам танилган. Ўзбекистондаги вазиятдан келиб чиқиб қўйилаётган айбловлар унинг фаолияти билан боғлиқ, дейишга асосимиз бор. Бундан ташқари, журналист устидан тергов бораётган пайтда унинг қамоқда қолишига эҳтиёж йўқ. Ҳатто пора олгани терговда тасдиқланса ҳам у судгача озодликда қолиши мумкин. Шунинг учун уни озод этишга чақирамиз”, - дейди Э.Видал хоним.

Унинг билдиришича, ташкилот У.Ҳайдаровнинг рафиқаси Мунира билан алоқада бўлиб турибди.

“Муниранинг айтишича, унга турмуш ўртоғи билан беш дақиқалик учрашувга рухсат берилган. Мунира эрининг саломатлигидан ташвишланмоқда. У турмуш ўртоғининг ҳаракатлари ғалати эканини айтиб, унга психотропик дорилар берилганидан хавотир билдирмоқда. У жуда ҳам ориқлаб кетган. Жамшид Каримовга келсак, у билан ҳозиргача ҳеч ким учраша олмаган, ҳатто унинг хотини Наргизага ҳам учрашишга рухсат берилмаган”, - деди Э.Видал.

Э.Видал шу пайтгача кузатилган вазият бу икки журналистнинг тақдири ижобий ҳали этилишига, Ўзбекистон ҳукуматининг уларга мурувватли бўлишига умидлар бор, дейишга асос бўла олмаслигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматидан бу икки журналист тақдирига оид ҳеч қандай, на ижобий ва на салбий мужда олганимиз йўқ. Бу вазият узоқ давом этишидан хавотирдамиз”, - деди Э.Видал.
XS
SM
MD
LG