Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:33

Кончилар шаштидан қайтмаяпти


Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги “Mittal Steel Temirtau” компанияси ишчилари 9 кундан буён иш ташламоқда. Норозилик акциясида 35 минг одам иштирок этяпти. Қарағанда тарихида бу даражадаги оммавий иш ташлаш ҳали кузатилмаган эди.

Ишчилар иш шароитлари яхшиланиши ва ойлик маошлари оширилишини талаб қилмоқда. Ишчиларнинг сўзларига кўра, конларда хавфсизликни таъминлаш учун таъмирлаш ишларини олиб бориш зарур. Собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган асбоб-ускуналар жуда ҳам эскиргани боис, конларда ишлаш хавфли бўлиб қолган.

“Mittal Steel Temirtau” компанияси ҳинд магнати Лакшми Митталга қарашлидир. Сўнгги йиллар давомида ҳинд магнатининг Қозоғистондаги ишчилари ўз хўжайинларига ҳурмат билан қараб келган. Улар ўз талабларини турли мажлисларда ўртага қўйган бўлса-да, шу пайтгача норозилик акцияси ўтказишни режалаштирмаган эди.

Бироқ 20 сентябрь куни Ленин номидаги конда юз берган фожеа ишчиларнинг ўз хўжайинларига қарши бош кўтаришига сабаб бўлди. Қозоғистоннинг янги тарихидаги энг даҳшатли фожеа сифатида эътироф этилаётган мазкур ҳалокатда 41 кончи ҳалок бўлганди.

25 сентябрь куни эса Ленин номидаги конда ишлайдиган 50 ишчи кондан юқорига чиқишдан бош тортди. Бошқа бир гуруҳ ишчи конга тушишни истамади. Шу тарзда бошланган норозилик стихияли митингга айланиб кетди. 26 сентябрь куни 4 та кон ишчилари ишга чиқмади. Кейинчалик уларга бошқа конлар ишчилари ҳам қўшилди. Айни пайтда “Mittal Steel Temirtau” компаниясининг барча ишчилари иш ташлаган.

“Kazakhstan Today” ахборот агентлиги маълумотига кўра, норозилик акциясида 15 минг кончи ва 20 минг металлург иштирок этмоқда. Ишчилар ойлик маош 40 фоизгача оширилишини талаб қиляпти. Ҳозир кон ишчиларининг ўртача ойлиги 300 АҚШ долларини ташкил этади. Лакшми Миттал айни пайтда ойлик маошларни ошириш имкони йўқлигини маълум қилган. Қарағанда вилояти ҳокими Нурлан Нигматулин эса ишчиларнинг талабини ўрганиб чиқиш учун вақт кераклигини айтяпти.

Хабарларга қараганда, вилоят ҳокимлиги биноси олдига ҳар куни ишчилар ва уларнинг оила аъзолари тўпланмоқда. Улар талаблари инобатга олинмаса, иш ташлашни давом эттиришини билдиряпти.
XS
SM
MD
LG