Линклар

logo-print

Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан...

  • Фаррух Юсуфий

Андижон воқеаларини мустақил текширишга рухсат бермаганига жавобан Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жорий этган қурол-яроғ эмбаргоси ва 12 юқори лавозимли шахсга нисбатан виза чеклови муддати келаси ойда тугайди.

Санкциялар муддати тугаши арафасида турли халқаро ташкилотлар Брюсселни Тошкентга нисбатан жазо чораларини нафақат кучда қолдириш, балки уларни янада кучайтиришга чақирмоқда.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг ЕИ билан алоқа қилиш дастури раҳбари Алба Ламберти Брюссель Тошкентга нисбатан тутган позициясининг принципиал эканини кўрсатиши лозимлигини айтади.

“Ташкилотимиз ЕИнинг Каримов ҳукуматига нисбатан жорий қилган санкцияларини нафақат кучда қолдириш, балки уларни кучайтиришни тавсия қилиш ниятида. Бунинг сабаби ойдин, президент Каримов бир йил давомида ЕИ илгари сурган талабларни назарига илмасдан келди. Аксинча, Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишни рад этиб келди ва воқеаларда иштирок этганларни ноқонуний судлар орқали қамоққа ташлади. Бундан ташқари, сиёсий фаолларни таъқиб ва тазйиқ остига олди. ЕИ санкцияларини бекор қилишга ҳеч қандай асос йўқ ва аксинча, Каримов ҳукуматига кескинроқ мужда юборилиши керак, деб ҳисоблаймиз”, - дейди А.Ламберти.

ЕИнинг бу жазо чоралари 2005 йил 14 ноябрда кучга кирган эди. Муддати бир йил этиб белгиланган санкцияда Ўзбекистонга қурол-яроғ сотишни таъқиқлаш ва Тошкент ҳукуматининг 12 амалдорига ЕИ мамлакатларига кириш учун виза берилмаслик кўзда тутилган.

Тошкентга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга чақираётган ташкилотлардан яна бири “Ҳьюман райтс уотч”дир. Унинг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Берк ЕИ санкцияларини кучайтириш чораларидан бири виза таъқиқи жорий этилган мулозимлар рўйхатини кенгайтириш эканини айтади.

“Виза таъқиқи жорий қилинган мулозимлар рўйхати кенгайтирилишига умид қиламиз. Улар қаторига бошқа расмийлар, жумладан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, ички ишлар, мудофаа ва адлия вазирлари, Бош прокурор ва Андижон вилояти ҳокими ҳам қўшилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, бу рўйхатда кўрсатилган барча расмийларнинг ЕИ мамлакатларидаги банк ҳисоб рақамларини музлатишга чақирамиз”, - деди А.Берк.

Тошкентга нисбатан жорий этилган жазо чораларини кучайтиришга чақираётган ташкилотлар ЕИ ўз принципларига содиқ эканини кўрсатишига умид қилаётган бўлса, Брюсселнинг Тошкентга нисбатан тутган позициясида бошиданоқ умуман бирор принцип бўлмаган, дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Жорий қилинган санкцияларда асосий пунктлардан бири сифатида Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш маън этилиши кўрсатилган. ЕИ мамлакатлари ва Ўзбекистон ўртасида шундоқ ҳам қурол-яроғ олди-сотдиси бўлмагани инобатга олинса, бу таъқиқнинг ўта рамзий эканини англаш қийин эмаслигини айтади кузатувчилар.

Шунингдек, ўтган йил ноябрда ЕИ санкциялари кучга киргандан бир неча кун ўтиб, виза таъқиқи жорий этилган мулозимлар рўйхатидаги биринчи рақамли киши, собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ЕИнинг асосий аъзоларидан бўлмиш Германиядаги шифохонада даволанаётгани аниқланди. Ундан кейин бир йил давомида ЕИнинг олий мартабали расмийлари, хусусан, Германия ҳукумати вакиллари Тошкентга бирин-кетин расмий ва норасмий ташрифлар билан келиб кетди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррей ЕИ ичида Тошкентга нисбатан якдиллик йўқлиги, айнан шу боис Каримов режимига нисбатан эгалланган мавқе қуруқ иккиюзламачиликдан иборат эканини билдирди.

“Бир нарсани англашимиз керак, ЕИ ичида Ўзбекистонга нисбатан тутилаётган сиёсатда жиддий бўлиниш бор. Айниқса, ЕИнинг нуфузли аъзоларидан бўлмиш Германия Ўзбекистон билан яқин муносабатларни тиклашни истайди. Бугун Германия ЕИ аъзолари ичида Каримов ҳукуматига нисбатан жорий этилган жазо чораларини бекор қилишни тарғиб этишга уриняпти. Шунинг учун Брюсселнинг ва умуман Ғарбнинг Каримов режимига нисбатан эгаллаган позицияси мунофиқликдан бошқа нарса эмас. Германиянинг босими остида ЕИ яқин келажакда яна Тошкент билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишини башорат қилиш мумкин”, - дейди К.Мюррей.

Германия ташқи алоқалар кенгаши мутахассиси, минтақашунос Александар Раҳр эса ЕИнинг Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатларига нисбатан бундан кейинги муносабати мутлақ прагматик манфаатларга асосланишини башорат қилади.

“Бугун Европа Иттифоқида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ортиб бормоқда. Европаликлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонни, биринчи навбатда, энергия бойликларининг манбаси сифатида кўради. Шунинг учун бундан кейин Ўзбекистон каби мамлакатлар билан иқтисодий алоқалар ЕИ учун устивор масалага айланади. Бу вазиятда эса Каримов ҳукуматидек режим билан мулоқот қилишда инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги гаплар эсдан чиқарилишини башорат қилиш мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонга нисбатан санкциялар сақланиб қолишига ишонишим қийин”, - дейди А.Раҳр.

ЕИдаги ўз номини ошкор этишни истамаган расмийлардан бири “Озодлик” билан суҳбатда келаси ойда Брюсселда бўладиган мажлисда Германия Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилиш таклифи билан чиқишни режалаштираётганини маълум қилди. Европа расмийсининг билдиришича, Швеция, Норвегия каби мамлакатлар Германиянинг бу таклифига қарши чиқмоқчи.

Айни пайтда “Ҳьюман райтс уотч” вакиласи Андреа Берк Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият кундан кунга ёмонлашишда давом этаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG