Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:47

Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди...ми?


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашини Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига тегишли чора кўришга қаратилган даъвосини билдириш имкониятини қўлдан бой беришда айблади.

Кенгашнинг Женевадаги йиғилишида унга аъзо 47 мамлакат вакиллари инсон ҳуқуқларининг топталиши, зўравонликлар, қийноқларни муҳокама қилиши ҳамда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятига ҳам тўхталиниши кутилаëтган эди. Кутилган муҳокамаларнинг барчаси ëпиқ эшиклар ортида ўтгани, қолаверса, кўтарилган муаммоларга жиддий эътибор берилмагани билдирилмоқда.

“Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ошкора муҳокама қилишга розилик бериш ўрнига Инсон ҳуқуқлари кенгаши вазиятни ëпиқ эшиклар ортида ўргана бошлади. Биз кенгашнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига чуқурроқ эътибор беришини кутаëтган эдик. Бу ерда Ўзбекистондаги вазиятдан хавотир билдираëтган кўплаб иштирокчилар бор. Аммо кенгаш уларнинг чиқишларни биз кутгандек эътиборга олмагани яхши иш бўлмади”, - дейди Женевадаги йиғилишни кузатаётган ҲРУ ходимаси Пэгги Ҳикс.

“Биз Ўзбекистондаги вазият ëпиқ эшиклар ортида эмас, аксинча, очиқ тарзда муҳокама қилинишини кутаëтган эдик, - деди гапида давом этиб ҲРУ ходимаси. – БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссияси кенгашга айлантирилгандан кейин унинг тузилмалари тўлақонли ишга тушгани йўқ. Албатта, бу Ўзбекистондаги вазиятга эътибор қаратмаслик учун узрли сабаб бўлиши керак эмас. Шунинг учун нима бўлмасин кенгаш ўз вазифасини бажариши керак. Биз эса Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоғимиз лозим”.

Женевадаги мажлисда қатнашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ходими Антуан Мадле эса “Озодлик”ка берган интервьюсида Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият анча ëмонлашгани ҳақида Женевада гапирилганини маълум қилди.

“Ўзбекистондаги вазият анча аянчли ҳолга тушган. Асосан, (мажлисда) Андижон воқеалари, унинг оқибатлари, кенг кўламли қатағонлар ўтказилаëтгани тилга олинди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиза Арбур кенгашга Ўзбекистонга халқаро кузатувчилар юбориш ва Андижон воқеалари юзасидан ўтказиладиган мустақил текширув натижалари оммага эълон қилиниши таклифи билан чиқди”, - деди А.Мадле.

Шуниси қизиқки, Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили А.Мадленинг гапларини инкор этди. У Женева анжуманида Андижон воқеалари юзасидан маъруза қилинганини ҳам инкор қилди.

Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили мамлакатдаги вазиятнинг ëпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинишига Ўзбекистон томони сабабчи эмаслигини, балки кенгаш шундай қарорга келган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг муҳожиратдаги раҳбари Толиб Ёқубов ҳам Женева анжуманида иштирок этди. У кенгаш вакилларининг Ўзбекистондаги вазиятга етарлича эътибор бермаганини тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG