Линклар

logo-print

Россия Грузияни сиқувга ола бошлади

  • Сарвар Усмон

Россиялик бир неча ҳарбий хизматчининг айғоқчиликда гумон қилиниб, Грузияда қўлга олиниши туфайли Тбилиси - Москва муносабатларида пайдо бўлган бўҳрон тобора кучайиб бормоқда.

Москва Тбилисига нисбатан жазо чораларини қўллай бошлади: Россия билан Грузия ўртасидаги қуруқлик, денгиз ва ҳаво транспорти қатнови, банклараро алоқа, почта жўнатмалари тўхтатиб қўйилди.

Кремль бу чораларнинг грузин халқига эмас, балки Грузия раҳбариятига қарши қўлланилаётганини таъкидламоқда. Лекин бундай баёнотлардан тирикчилигини Россияда ишлаётган яқинлари жўнатаётган маблағ ҳисобига ўтказаётган оддий грузияликларнинг оғири енгил бўлиб қолаётгани йўқ.

Россияда тирикчилик ўтказаётган грузияликлар жуда кўп. Аниқ рақамни на Москва ва на Тбилиси билади. 400 мингдан бир миллионгача, деган тахминий ҳисоб-китоб бор, холос.

Лекин бошқа бир кўрсаткич борки, у Грузия Марказий банки маълумотидир. Банкнинг ҳисоб-китобига қараганда, 2006 йилнинг биринчи ярмида грузияликлар Россиядан ўз ватанига тақрибан 220 миллион доллар пул жўнатган. Бу ақча Грузия ялпи ички маҳсулоти қийматининг 15 фоизи деганидир.

Элликни қоралаб қолган грузиялик муҳандис Ладо Квикния 1994 йили Москвага кўчиб кетган эди. 4 йил муқаддам у Россия паспортини олди. У Грузияда қийналгани туфайли Россияга кўчиб ўтганини айтади.

“Иш топишнинг иложи йўқ эди. Грузияда мана эндигина у-бу нарса қура бошлашди. Аввалроқ фақат бузғинчилик бўлган эди. Ўша вазиятда менинг иш топишим иложсиз эди”, - дейди Москвада яшаётган грузиялик.

Унинг айтишича, Россияда ҳам иш топиш осон бўлгани йўқ, лекин юқори малакали мутахассис бўлгани учун ўз жойини топиб олган.

Ладо Квикния сўзларига кўра, унинг Москвада топадиган пули от билан туя эмас, бироқ 4 аъзодан иборат оиласидан ошиниб, Грузияда қолган яқинларига ҳам ёрдам бериб туришга етиб турибди.

“Йилига 1000 доллар атрофида жўнатиб турсангиз бўлади, ойига ўртача 100 доллар, деганида энди, бироз кўпдир, бироз оздир...”, - дейди у.

Ладо Квинкия Россиядан Грузияга пул жўнатиш тўхтатиб қўйилганидан жудаям катта ташвишга тушаётгани йўқ.

"Пул жўнатишнинг имкони кўп, фақат бироз қимматроққа тушади”, - дейди грузин.

Бу собиқ грузиялик эртага ҳам Грузия-Россия муносабатлари совиб кетгани тўғрисида бугунгидай хавотирсиз юрадими-йўқми, номаълум.

Ҳар ҳолда 4 октябрь куни мана бу хабар ҳам пайдо бўлди.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари Москвада грузияликларни қўлга ола бошлаши мумкин”, - деб хабар қилди Москва Хельсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева.

Унинг билдиришича, Москванинг Жанубий Медведково туманидаги 15 йилдан бери грузиялик қочқинларнинг бир неча оиласи яшаётган кўп қаватли уйлардан бирига участка милиционери келган ва уларнинг ҳаммаси ҳибсга олинишини айтган.
XS
SM
MD
LG