Линклар

logo-print

Кофи Аннанга меросхўр сайланяпти

  • Ҳасанжон

Жорий йил охирида БМТ бош котиби Кофи Аннан ўз лавозимини тарк этади. Унинг ўрнини Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Бан Ки Мун эгаллаши кутилмоқда.

2 октябрь куни Хавфсизлик кенгашиниг 15 аъзоси номзодлар учун норасмий равишда овоз берди. Бан Ки Мун 14 овоз олишга муваффақ бўлди. БМТга янги бош котибни сайлаш учун расмий овоз бериш Хавфсизлик кенгашида 9 октябрь куни ўтказилади. Унда ғолиб чиққан номзодни Бош Ассамблея тасдиқлаши керак бўлади.

Бан Ки Мун 18 ёшида инглиз тили мусобақасида ғолиб чиққандан кейин АҚШга саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритган. Сафари чоғида у АҚШ президенти Жон Кеннеди билан учрашган. Шундан сўнг у дипломат бўлишга қарор қилган.

Бан Ки Мун ўзининг 36 йиллик дипломатик фаолияти давомида турли лавозимлар, жумладан, Жанубий Кореянинг Австриядаги элчиси вазифасида ҳамда 10 йилдан кўп БМТда ишлаган.

АҚШдаги Колумбия университетининг Жанубий Корея тадқиқот маркази раҳбари Ян Хю Ким Хабуш “Озодлик” радиосига Бан Ки Мун ўз вазифасини сидқидилдан бажаришини, кези келганда эса қаттиққўл ва талабчан раҳбар ҳам бўла олишини айтади.

“У ҳақдаги умумий тасаввур шундан иборатки, у юқори малакали раҳбар ва жуда муроса қилувчи шахс. У турли қарашдаги одамлар ўртасида воситачилик қила оладиган шахс”, – деди Ян Хабуш.

Кўпчилик БМТнинг амалдаги раҳбари Кофи Аннанга вазифасига содиқ ва ишончли бош котиб сифатида қарайди. Бан Ки Мун эса ҳамма билан чиқишиб кета оладиган соддадил сиёсатчи экани айтилмоқда.

“The Nation” журналининг БМТдаги мухбири Айн Уилямс сўзларига кўра, Бан Ки Мун мураккаб вазиятларда муроса қила олиш қобилиятига эга бўлгани учун етакчи давлатлар уни қўллаб-қувватлаши мумкин.

“Хавфсизлик кенгашидаги етакчи давлатлар кўпинча айтилган гапни қиладиган одамларни танлайди. Албатта, киши лавозимни эгаллагандан кейин унинг фикри ўзгаради ва улар айрим масалаларда қатъий қарорлар қабул қилиш кераклигини тушуниб етади. Бан Ки Мун Халқаро жиноий судни ҳимоя қилиш масъулияти каби масалаларни қўллаб-қувватлаган эди. Бу Хитой, АҚШ ёки АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтонга ёқмаганди”, - дейди америкалик журналист.

Унинг фикрича, Бан Ки Муннинг Жанубий Корея ташқи ишлар вазири сифатидаги фаолияти уни БМТ бош котиби лавозимига муносиб номзод бўлишга тайёрлаган.

Колумбия университетининг замонавий Корея тарихи бўйича эксперти Чарлз Армстронгнинг таъкидлашича, Бан Ки Мун БМТда ислоҳотлар ўтказишни давом эттиришни жуда хоҳлайди ва яхши англаб етади. Шу билан бирга, агар Бан Ки Мун БМТ бош котиби бўлса, корейс миллатига мансублиги Шимолий Корея билан боғлиқ масалаларда уни ноқулай вазиятга солиши мумкин.

Бан Ки Мун уйланган ва уч фарзанди бор. Улардан бири БМТнинг болалар жамғармаси - "ЮНИСЕФ"нинг Африкадаги бўлимида ишлайди.
XS
SM
MD
LG