Линклар

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров қамалгани, унинг ҳамкасби Жамшид Каримовнинг эса мажбуран руҳий хасталиклар шифохонасига ëтқизилганидан хавотир билдирди.

Бу ҳақдаги пресс-релизида ташкилот бугунги кунда “Ўзбекистонда совет даври кўринишидаги қатағонлар бор”лигини таъкидлайди.

Ташкилотнинг Европа ва МДҲ бўйича директори Элза Видал сўзларига кўра, ташкилот У.Ҳайдаровнинг 6 йиллик қамоқ жазосига, унинг дўсти Ж.Каримовнинг эса 6 ой давомида руҳий хасталиклар шифохонасига даволанишга ҳукм қилингани учун Ўзбекистон ҳукуматини қоралайди.

“Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда мустақил журналистларни таъқиб остига олиш ҳоллари кўпайди. Бундан ташқари, хорижий мухбирларнинг ишлаши учун шароит ўта оғирлашди. “БиБиСи”, “Озодлик” ва бошқа ташкилотларнинг ëпилиши бунга яққол далилдир. Бугун Ўзбекистонда деярли хорижий мухбирлар қолмаган. Қолганлари ҳам махфий ишламоқда”, - дейди Э.Видал.

Унинг айтишича, “Чегара билмас мухбирлар” бу журналистларнинг тезда озодликка чиқарилишини талаб қиляпти.

“Агар чиқарилмаса, у ҳолда Европа Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматини яна бир бор қоралашга чақирамиз. Токи бундай қатағонлар қўлланилса, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида ҳар қандай ҳамкорликларга йўл қўйилмаслигини айтмоқчимиз”, - деди Э.Видал.

У.Ҳайдаров 14 сентябрь куни бир аёл унинг чўнтагига 400 доллар солиб қўйганидан бир неча сония ўтиб ҳибсга олинганди. 5 октябрь куни Жиззах шаҳри суди уни товламачиликда айбдор топди.

12 сентябрь куни эса Ж.Каримов бедарак йўқолганди. “Uznews.net” сайти куни-кеча тарқатган хабарда ёзилишича, Жиззах суди Ўзбекистон президентининг жияни экани айтилаётган бу журналистни руҳий касалликлар шифохонасида камида олти ой даволанишга ҳукм қилган.
XS
SM
MD
LG