Линклар

logo-print

Ўзбекистон исломий ҳаракати худкушларга таълим беряпти...ми?

  • Озодлик

Афғонистон разведкаси мамлакатда портлашларни амалга оширувчи худкуш шахсларга қўшни Покистонда ўзбек, араб ва чечен муаллимлари таълим бераётгани ҳақида баёнот тарқатди.

Афғонистон разведкаси матбуот хизмати вакили Саид Ансорийнинг айтишича, Афғонистонда худкушлик орқали террорчилик амалиётини режалаштирган, бироқ қўлга олинган шахсларнинг ўзи яқин орада матбуотга бу ҳақда гапириб беради.

Разведка хизмати маълумотига кўра, сўнгги икки йил ичида мамлакатда тинч аҳоли вакиллардан 160 нафари худкуш кимсалар қурбонига айланган. 500 одам тан жароҳати олган. Бу муддат ичида 90 худкуш ҳалок бўлган.

Расмийлар бу мудҳиш ҳодисаларнинг амалга оширилишида ўзбекларнинг ҳам қўли борлигини айтмоқда.

Покистонлик таниқли таҳлилчи Аҳмад Рашид “Озодлик”ка берган интервьюсида бугун Тоҳир Йўлдошев бошқараëтган Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) сафи кенгайиб бораëтганини таъкидлади.

“НАТО ҳамда Афғонистон хавфсизлик хизматлари маълумотига кўра, тахминан 800-1000 га яқин ўзбек Андижон фожеасидан сўнг бу минтақага келган. Ўтган ойлар мобайнида эса уларнинг кўпчилиги Вазиристондаги ЎИҲ сафига қўшилди. Ҳозирги пайтда Вазиристонда Т.Йўлдошев юзлаб ўзбекка қўмондонлик қилмоқда. ЎИҲнинг салоҳияти бу минтақада кундан кунга ошиб бормоқдa”, - деди А.Рашид.

Унинг сўзларига кўра, бу ташкилотнинг айни пайтда Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистонда фаолият олиб бораётгани ёхуд буни режалаштираётгани номаълум.

“Албатта, улар ҳозир Каримов тахтдан ағдарилиши ёки ҳукумат инқирозга юз тутишини кутмоқда. Шунинг учун улар Афғонистон ва Покистон чегара ҳудудларида, хусусан, Вазиристонда куч тўпламоқда”, - деди А.Рашид.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси бу маълумотларни шарҳлашни истамади.
Яқинда “Озодлик”нинг электрон почтасига ЎИҲ номидан аудиобаёнот юборилган ва унда Тоҳир Йўлдошга тегишли экани тахмин қилинган овоз соҳиби Афғонистондан бошпана топган ЎИҲ аъзолари ҳам “Толибон” ва “Ал-Қоида” билан бир сафда АҚШ бошчилигидаги аксилтеррор коалиция кучларига қарши жангларда иштирок этгани айтилган эди.

Т.Йўлдош, шунингдек, ЎИҲ ўз фаолиятини давом эттираверишини таъкидлаб, Тошкент, Бишкек ва Душанбе раҳбарларига қарши курашиш билан пўписа қилганди.

Сиëсатшунос Иқбол Мирсаидов Т.Йўлдошнинг бу аудиомурожаати ўзига хос ташвиқот вазифасини ўтаб, унга ўз дардини айтадиганлар сони кўпайишига сабаб бўлди, деган фикрда.

Айрим кузатувчилар ЎИҲ заифлашиб бораëтганини таъкидласа, бошқалар бу фикрни рад этади.

“ЎИҲнинг илгариги кучи йўқ. Бундан ташқари, у виртуал ташкилотга айланган. Ҳар қандай таҳдид фақатгина сўз орқали билдириляпти. Лекин барибир ЎИҲнинг хавфи бор, деб ўйлайман”, - дейди И.Мирсаидов.
XS
SM
MD
LG