Линклар

Янги вакилга қийин бўлади


Абдуллоҳ Эргаш 5 октябрь куни француз дипломати Пьер Морел Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозимига тайинланди. У катта тажрибага эга дипломат экани айтилмоқда.

ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана янги вакил “Марказий Осиё ва ЕИ ўртасидаги алоқаларнинг ўзаро манфаат ва ҳурмат асосида яхшиланишига хизмат қилиши”га умид билдирди.

Пьер Морел, айрим кузатувчилар фикрича, янги вазифани масъулият билан бажариши мумкин бўлган шахсдир. Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз “Пьер Морел Россия, Хитой ва постсовет давлатларида ишлаган катта тажрибага эга ажойиб дипломат” эканини таъкидлади.

ЕИ ва Ўзбекистон алоқаларида юзага келган мураккаб вазият ҳисобга олинса, П.Морелнинг бу алоқаларни ижобий изга солиш йўлида анча тер тўкиши кераклиги ойдинлашади. Германиялик минтақашунос Александр Раҳр бунинг учун, аввало, ЕИ Марказий Осиёга нисбатан олиб борадиган сиёсатини аниқ белгилаб олиши зарурлигига урғу берди.

“Мен ЕИ айни пайтда Марказий Осиёдаги сиёсий ва энергетик манфаатларга эришиш, минтақадаги муаммоларни ўрганиш мақсадига эга, деб айта олмайман. ЕИ Ливан, қолаверса, Африка давлатларидаги глобал муаммолар билан банд. Бироқ ЕИ Марказий Осиёни энергетика борасида ҳамкор ҳисоблайди. Шунинг учун вақти келиб бу минтақа ЕИ учун устивор бўлиб қолади”, - дейди А.Раҳр.

Ўтган йилги Андижон воқеаларидан сўнг халқаро ҳамжамиятнинг мустақил тергов ўтказиш тўғрисидаги талаби Ўзбекистон ҳукумати томонидан рад этилган эди. Шундан кейин ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг 12 амалдорига Европага кириш учун виза чеклови жорий этганди.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи фикрича, ЕИ Марказий Осиё томонидан “жиддий ўйинчи” сифатида қабул қилиниши учун Ўзбекистонга нисбатан бундан ҳам қатъийроқ сиёсат олиб бориши лозим. Масалан, Европага кириши таъқиқланган амалдорлар рўйхатидан Ислом Каримов номи ҳам жой олиши керак.

EИ ҳозирча Ўзбекистонга нисбатан кескинроқ гап айтишдан ўзини тийиши, у билан алоқаларни яхшилаш йўлларини қидириши, шу орқали Ўзбекистон фуқаролари ҳаётини енгилллаштириш ҳаракатида бўлиши кераклигини айтаётганлар ҳам бор. Масалан, москвалик таҳлилчи Аркадий Дубнов ЕИнинг Ўзбекистон ҳукумати ва халқига нисбатан сиёсати турли йўналишларда бўлиши лозимлигини айтади.

“Албатта, бу сиёсат Туркманистонга нисбатан юритилаётган сиёсатдан юмшоқроқ бўлиши керак. ЕИ сиёсати Ўзбекистон ҳукумати расмийларида мамлакат ичида олиб борилаётган мавжуд сиёсат нотўғри эканига ишонч ҳосил қилдира олиши лозим”, - дейди А.Дубнов.
XS
SM
MD
LG