Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:27

“Грузия сабоғи” хавотир уйғотмоқда


Аваз Алиев Грузия билан муносабатлари бузилган Россиянинг бу мамлакатга нисбатан кўраётган жазо чоралари МДҲга аъзо бошқа республикалар учун ҳам ўзига хос огоҳлантириш ўлароқ кўрилмоқда.

Шунинг учун собиқ иттифоқ давлатлари Россиянинг Грузияга қарши ҳаракатларини диққат билан кузатяпти. Чунки Грузиянинг куни улар бошига ҳам тушиши эҳтимоли йўқ эмаслигини айтмоқда кузатувчилар.

Собиқ иттифоқ фуқароларининг Россия-Грузия можароси борасидаги фикрлари турличадир. Айримлар Грузияга ачинса, бошқалар Россия ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.

Белорус азалдан Россиянинг чизган чизиғидан чиқмайдиган давлат ҳисобланади. Унинг фуқаролари ҳам Грузия ва Россия ўртасидаги можарода Грузияни қоралаб, Россия тарафини олмоқда.

“Россия тўғри йўл тутди. Грузинлар Россияга нисбатан бетгачопарлик қилмоқда. Жанжал чиқариш учун иғво уюштирмоқда. Лекин, фикримча, катта жанжалгача етиб бормаса керак. Россия Грузияга қарши қаттиқроқ чораларга ҳақли эди, деб ҳисоблайман”, - дейди “Озодлик” билан суҳбатда бўлган белоруслик фуқаро.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида яшовчилар орасида эса можаро авж олишидан ўз хавотирини билдириб, Грузиянинг Россия таъсиридан қутилиш йўлидаги ҳаракатларини оқлаётганлар топилди.

“Россия ва Грузия ўртасидаги борди-келдини тўхтатиб қўйиш хатодир. Ҳар қалай биз 21-асрда яшамоқдамиз. Улар бу можарони ҳал қилиши шарт”, - дейди қозонликлардан бири.

“Грузия раҳбарияти олиб бораётган сиёсатга муносабатим ижобийдир. Грузия ўзи қандай яшашни танлашга ҳақли, улар ўз йўлини ўзи белгилаши мумкин, ҳар бир давлат мустақил бўлиши керак”, - дейди қозонлик бошқа киши.

Россиянинг Грузияга қарши қўллаётган транспорт ва почта алоқаси чеклови Кавказ минтақасидаги айрим давлатларни ҳушёр торттирди. Чунки улар бундай чоралар ўзларига нисбатан ҳам қўлланиши мумкинлигидан хавотирга тушмоқда.

Россия президенти Владимир Путиннинг: “Россия ҳукумати зиммасига чакана ва улгуржи савдо бозорларини тартибга келтириш, у ердаги чет эллик ишчи кучларни назорат қилиш борасида дарҳол чоралар кўришни юклайман. Ҳукумат Россия қонунларини бузаётган шахслар учун эса виза тартибини кучайтириш масаласини ҳам ҳал этиши керак”, - деган сўзлари бу хавотирларни янада кучайтирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

В.Путиннинг бу гапларидан сўнг Россия Федерал миграция хизмати дарҳол ўз таклифларини билдирди. Таклифлардан бири эса Россияга ишлаш ниятида бўлган хорижликлар учун квота тизимини йўлга қўйишдир.

Бу каби таклифлар Россияда пул топиш илинжида келиб, меҳнат қилаётган хорижий фуқаролар юрагига ғулғула солиши табиий ҳол.

Москвада ишлаётган тожик муҳожири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Россия ва Грузия можаросини диққат билан кузатиб бораётганини айтади.

“Собиқ иттифоқнинг мигрант сифатида Россияда яшаётган ҳар бир фуқароси Грузия ҳолатини юрагига яқин олиши керак. Агар бугун грузинлар бўлса, эртага ўзбеклар, тожиклар бўлиши мумкин. Грузинлар аҳволига кулмаслигимиз даркор”, - дейди тожикистонлик муҳожир.
XS
SM
MD
LG