Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:15

Эрон қайсарлигини қўймаяпти


Эроннинг ядровий дастури борасида музокара ўтказаётган дунёнинг олти етакчи давлати Эронга санкциялар жорий қилиш эҳтимоли масаласини муҳокама этишга келишди.

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Франция ва Хитой дипломатларининг 6 октябрь куни Лондондаги учрашувида шундай қарор қабул қилинди.

Лондон учрашувига мезбонлик қилган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Беккет олти давлат ташқи сиёсат мутасаддилари БМТ Хартиясининг 41-моддасига мувофиқ маслаҳатлашув ўтказишга рози бўлганини айтди.

Бу модда БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган қарорни амалга тадбиқ этиш учун иқтисодий ёки дипломатик санкция жорий қилишни кўзда тутади, аммо ҳарбий куч қўллашга рухсат бермайди.

Олти давлат номидан гапирган М.Беккет Теҳрон расмийлари уранни бойитиш дастурини тўхтатишга тайёр эмаслигидан афсусланиш билдирди.

“Венада (июнь ойида) биз икки йўл борлигини айтган эдик. Эрон ижобий йўлни танламаганидан афсусланамиз. Биз муаммо ечимини музокара орқали топиш йўлидаги ҳаракатимизни давом эттирамиз. 1 июнь кунги таклифимиз ўз кучида қолади”, – деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия Теҳрон расмийлари уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига Эрон билан ўзаро иқтисодий манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини таклиф қилган эди.

Бунга жавобан Эрон расмийлари таклиф матнида икки маъноли сўзлар ишлатилганини айтиб, музокаралар бошлашдан олдин уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги шартни бажаришни рад қилган эди.

6 октябрь куни АҚШ давлат котиби ўринбосари Николас Бернс агар Эрон бу фикридан қайтса, таклифлар ўз кучида қолишини маълум қилди. У олти етакчи давлат Эронга қарши санкциялар жорий этиш эҳтимоли борасида Хавфсизлик кенгаши резолюцияси лойиҳаси хусусида келаси ҳафтада иш бошлашини таъкидлади.

Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари Эронни махфий равишда оммавий қирғин қуроли тайёрлашга уринаётганликда айбламоқда. Эрон билан ҳамкорлик қилишдан иқтисодий манфаатдор бўлган Россия ва Хитой юзага келган бўҳронни музокаралар орқали ҳал этишга чақириб келаётир. Лондон учрашувида ҳам Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эронни июнь ойидаги таклифларни қабул қилишга мажбурлаш учун қўшимча чоралар кўриш борасида маслаҳатлашув ўтказишга даъват этди.

Эрон расмийлари мамлакатга қарши санкциялар жорий қилинган тақдирда ҳам уранни бойитиш ишлари тўхтатилмаслигини таъкидлаб келмоқда. 4 октябрь куни президент Маҳмуд Аҳмадийнажот Эрон кучли давлат экани ва бошқалар босимига заррача ён босмаслигини қайд этди.. Бироқ у музокаралар ўтказишга тайёр эканини айтди.

“Биз музокаралар ва мунозаралар тарафдоримиз. Биз тинчлик ва бир-бирини тушуниш тарафдоримиз. Аммо бунинг ҳаммаси қонун ва адолат доирасида бўлиши керак”, – деди М.Аҳмадийнажот.

5 октябрь куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана Эрон билан музокаралар ўтказиш учун эшиклар очиқ эканини айтган эди.
XS
SM
MD
LG